Маданият
“Ҳаёт моҳияти, борлиқ ҳақиқатини англашга интилган одамзод азалдан “Мен кимман ўзи?” деган чўнг саволга жавоб излаган. Гётенинг мураккаб ва серқирра қаҳрамони бўлмиш Фауст тилида янграган “Ҳаётим не, менинг ўзим кимман?” деган савол бутун асарнинг мағзи, жавҳари десак янглишмаймиз. Ўз “мени”ни топмоқ улкан бахт, аслида. Чунки “мен”лар бирлашиб, “биз”ни вужудга келтиради. Шу тариқа инсон руҳидан миллат руҳи, инсон фалсафасидан халқ фалсафаси шаклланади. Сирасини айтганда, биз ўз онаМИЗни, ВатаниМИЗни, уйиМИЗни, шоириМИЗни, кеча ва бугуниМИЗни танишимиз, англашимиз – МАЪНАВИЯТдир.” “Қибланамомиз мили расо бўлсин” суҳбатида маънавиятнинг моҳияти, ўзликни англаш, инсон бўлиб яшаш шартлари ҳақида сўз боради. Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сиёсий фанлар доктори Отабек Ҳасанов билан бўлган суҳбатнинг тўлиқ матнини “Тафаккур” журналининг 2026 йил 1-сонида ўқинг.
“Бироқ кўп ҳолларда хўжайин қулни ўзи хоҳлаган ном билан атаб, қул эса хўжасининг исмию унвонларини тўлиқ айтишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилгани каби, ҳозирги кунда биз ҳар бир миллат кишисининг оти-зотини, шаҳру қишлоғи, буюм-қуролининг номини ўша тилдаги каби ёзадиган бўлиб қолдик: бутун дунё Масков деса биз Москва деймиз; Олмаотани – Алмати, Чимкентни – Шимкент деб ёзадиган, Бокуни – Баку, Озарбойжонни – Озарбайжон деб ёзишга ўтиб олган саводсиз лаббайгўйларимиз бор. Нимагадир тилимизни бураб бўлса ҳам эксплуатация каби қийин сўзларни айтишга чиранамиз. Адабий тилимиз туркона ўзликни сақлашга эмас, тобеликка мойил, ўзга тил хоссаларига мослашувчан тил бўлиб қолди.” Юқорида келтирилган парча Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Тирикликка ташна тилим” мақоласидан олинган. Унинг тўлиқ матни билан журнал саҳифаларида танишасиз.
“Сиёсий мифологиянинг учинчи тури – халоскор қаҳрамон тўғрисидаги уйдирма. Гўёки мамлакат ҳалокат ёқасига келиб қолган эди. Халоскор қаҳрамон, яъни янги раҳбар келиб, мамлакатни, халқни халокатдан қутқаради. Мазкур ғоя “халоскор” раҳбар шахсини улуғлаш, унинг ҳар бир сўзига, сиёсатига авом халқни тўлиқ бўйсундириш, бундай раҳбар мамлакат ва миллат учун Худонинг марҳамати эканини омма онгига сингдириш учун керак. Ана шундай уйдирмалар баъзи бир маҳаллий раҳбарларга нисбатан ҳам чекланган миқёсда қўлланади.” Журналнинг “Янги аср муаммолари” рукнида Абдураҳим Эркаевнинг “Ҳақиқатнинг сояси” мақоласини ўқийсиз. Унда манипулятив технологиялар, ижтимоий қўрқув, рационал ва иррационал таъсир, мафкуравий курашлар ҳақида сўз боради.
Журналнинг кейинги саҳифаларидан “Илдизидан узилган оғоч” (Бахтиёр Омонов) мақоласи, “Бир қўнғироқ савдоси” (Габриэль Гарсиа Маркес), “Ота кўнгли” (Муҳаммад Али) ҳикоялари, “Дилпоралар” (Мансур Жумаев) тўртликлари, “Қодирийга тазмин ва таъзим” (Нодира Офоқ) эссеси, “Жазо жозибаси” (Мақсуд Асадов) мутолааси ҳамда “Қайдасан, мўъжизакор некбинлик?..” (Виктор Алимасовга ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаддан очиқ хат) ўрин олган. Журналнинг талқин ва тадқиқотлар рукнида “Қамоқхонада туғилган “Виждон тавбаси” (Меҳрибон Ёдгорова), “Бобурнинг толесиз набираси” (Шерхон Қораев), “Тўпқопи: тарих ва тамаддун” (Жасутбек Аҳмедов), “Жарқўтон ибодатхонаси жумбоғи” (Аҳроржон Абдуғаниев) мақолалари эълон қилинган.
“Қонунлар жисм бўлса, маънавият унинг руҳидир. Қонун “мумкин” ва “мумкин эмас”нинг чегарасини ажратиб беради, жазо чораларини тайин этади. Маънавият эса инсон ботинидаги муҳофиз ўлароқ “тўғри” ва “нотўғри”нинг сарҳадларини белгилайди. Виждон уйғоқлиги дегани ҳам шу. Чегаралардаги аскарлар-ку доим сергак, ҳушёр; ботинимиздаги қўриқбон-чи – у ҳам уйғоқми, мабодо пинакка кетмаганми?..” “Қибланамомиз мили расо бўлсин” суҳбатидан олинган ушбу парчани журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Тафаккур” билан қалбингиз милини тўғрилаб боринг.
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
77813
Жамият
56753
Жамият
55981
Жамият
51043
Жамият
//
Изоҳ йўқ