Қайси қитъа аҳолиси тез ўсмоқда?

Сақлаш
18:28 / 20.04.2026 13 0

Visual Capitalist таҳлилчилари БМТнинг 2024-йилги прогнозларига таяниб, дунё демографиясидаги улкан силжишни кўрсатиб берди. Унга кўра, 2026-йилда ҳар 100 та чақалоқдан 49 таси Осиё, 36 таси Африка қитъасига тўғри келади

 

Қитъалар бўйича таҳлилга эътибор қаратилса, Осиё  дунёнинг энг йирик «бола боғчаси»дир. Гарчи ҳозирги пайтда Хитойда туғилиш камаяётган бўлса-да, Ҳиндистон ва Жанубий Осиё ҳисобига туғилишлар сонининг қарийб ярми(49 фоиз) мазкур қитъага тааллуқли. Бу дунё келажаги ва ишчи кучи айнан шу қитъага кўпроқ боғлиқ бўлишини англатади.

 

Кейинги ўринда Африка бўлиб(36 фоиз), у энг тез ўсаётган минтақа саналади. Келажакда келтирилган бу фоиз янада ошиши  кутилмоқда.

 

Туғилишнинг 7 фоизи Лотин Америкасига тегишли. Бу қитъада фарзанд кўриш барқарор бўлса-да, лекин пасайиш тенденсияси бор.

 

Аҳолиси кексайиб бораётган Европада эса туғилиш даражаси тобора пасайиб бормоқда. Ҳозирда чақалоқларнинг атиги 5 фоизи шу қитъа давлатларида туғилмоқда. Тахминларга кўра, шу омил сабаб келгусида ижтимоий нафақа тизимига оғирлик тушиши мумкин.

 

Шимолий Америкада бу кўрсаткич янада паст. Асосан иммиграция ҳисобига аҳоли сонини ушлаб турган қитъа ҳисобига туғилиш ҳажмининг 3 фоизи тўғри келади.

 

Аҳоли сони камлиги сабабли энг кичик улушга эга бўлган Океания давлатларида эса кўрсаткич 1 фоиздан кам.

 

Аҳамиятли жиҳати, таҳлилчилар дунё ҳамжамияти соғлиқни сақлаш, таълим ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларида асосий эътиборни Африка ва Жанубий Осиёга қаратиши кераклигини таъкидламоқда.

 

Маълумот учун, аср охирига бориб Африка қитъаси туғилиш сони бўйича Осиёни ҳам ортда қолдириши мумкин. Ҳозирда Нигерия, Эфиопия ва Конго каби давлатлар бу борада «двигатель» вазифасини бажармоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//