Давлат ва жамоат арбоби Рим Гиниятуллин вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирилди

Сақлаш
16:26 / 20.04.2026 17 0

Давлат ва жамоат арбоби, меҳнат фахрийси Рим Абдулович Гиниятуллин шу йилнинг 19-апрел куни 83 ёшида вафот этди.  

 

Шу муносабат билан Президент Шавкат Мирзиёев ва Т. Норбоева, Н. Исмоилов, А. Арипов, С. Турдиев ҳамдардлик билдирди.


Маълумот учун, Рим Гиниятуллин 1943 йил 18 сентябрда Жиззах вилоятининг Зомин туманида туғилган. 

 

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институтини (ҳозирги «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети) муҳандис-гидротехник йўналишини тугатган Гиниятуллин меҳнат фаолиятини Ўзбекистон қурилиш вазирлигида оддий ишчи сифатида бошлаб, кейинчалик ушбу вазирликда уста, бош муҳандис вазифаларида хизмат қилган. 

 

У Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлигида бошқарма бошлиғи ўринбосари, бош бошқарма бошлиғи, сув хўжалиги вазири ўринбосари, Давлат режа қўмитаси раисининг ўринбосари, Давлат агросаноат қўмитаси раиси ўринбосари лавозимларида ишлаб, катта билим ва тажриба орттирган. 1989–1996 йилларда эса мелиорация ва сув хўжалиги вазири, 1996–1997 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари каби масъул лавозимларда фидокорона меҳнат қилиб, мамлакатимизда сув ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш орқали юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшган.

 

Гиниятуллин Оролни қутқариш Халқаро жамғармасида турли раҳбарлик вазифаларида ишлаб, денгизнинг қуриши билан боғлиқ салбий оқибатларни юмшатиш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишда жонбозлик кўрсатган.

 

Умрининг сўнгги йилларида у Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнларида, хусусан, кўпмиллатли жамиятимизда тинчлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, кексалар ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда фаол иштирок этди.

 

Рим Гиниятуллиннинг қилган хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвонлари, «Меҳнат шуҳрати» ва «Дўстлик» орденлари билан мукофотланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//