Жавоҳир Синдоров Номзодлар турнирида рекорд ўрнатди

Сақлаш
13:18 / 10.04.2026 13 0

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров Кипрда ўтказилаётган шахмат бўйича 2026-йилги Номзодлар турнирининг ҳозирги форматида энг кўп ғалаба қозонган шахматчи сифатида расман рекорд ўрнатди. Турнир якунланишига эса ҳали 4 тур бор. У 10 та баҳснинг 6 тасида ғалаба қозониб, бирорта мағлубиятга учрамади.

 

Қайд этилишича, мусобақа Жавоҳир Синдоров учун муваффақиятли давом этмоқда. Турнирнинг 10-турида Синдоров оқ доналарда ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳа билан баҳс олиб борди. Рақибнинг қўпол хатосидан унумли фойдаланган Жавоҳир аниқ юришлар эвазига устунликка эришди. 53-юришдан сўнг Прагнанандҳа мағлубиятни тан олди. Икки гроссмейстер ўртасидаги биринчи беллашувда ҳам ўзбекистонлик шахматчининг қўли баланд келган эди.

 

Ушбу натижа эвазига Жавоҳир 8 очко билан турнир жадвалидаги пешқадамлигини сақлаб қолди. У энг яқин таъқибчиси, нидерландиялик Аниш Гирини 2 очкога ортда қолдирмоқда.

 

Таъкидланишича, ўзбекистонлик шахматчилар орасида илк бор Номзодлар турнирида қатнашаётган Жавоҳир Синдоров мусобақани мағлубиятсиз давом эттирмоқда. У ортда қолган турларда Андрей Есипенко, Рамешбабу Прагнанандҳа (икки марта), Фабиано Каруана, Ҳикару Накамура ва Вей И каби жаҳоннинг энг кучли шахматчилари устидан ғалаба қозонди. Ўзбекистоннинг иккинчи рақамли гроссмейстери, шунингдек, Матиас Блубаум (иккита ўйинда), Аниш Гири ва Андрей Есипенко (иккинчи ўйинда) билан дурангга имзо чекди.

 

15-апрелга қадар давом этадиган ушбу турнир ғолиби амалдаги Жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши шахмат тожи учун кечадиган баҳсда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. 700 минг АҚШ доллари миқдоридаги соврин жамғармасига эга мусобақа икки даврадан (14 та тур) иборат.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//