Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.
Давлат раҳбари Тошкент вилояти пойтахтга яқин жойлашгани учун бу ерда яшовчи аҳоли иш ўринлари, даромад ва турмуш шароити ҳам Тошкент шаҳри даражасига муносиб бўлишини кутишини таъкидлади. Шу боис, вилоят тадбиркорлик ва бизнес муҳитини яхшилаш, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида намуна бўлиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Сўнгги йилларда ҳудудда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2024-2025 йилларда вилоят учун 23 та қарор қабул қилиниб, улар доирасида буджет, банк кредитлари ва хорижий инвестициялар ҳисобидан йирик ресурслар йўналтирилди. Шу даврда 14 та янги саноат зонаси ташкил этилди, 115 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди, 237 та янги экспортчи пайдо бўлди ва 300 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Умуман, 2025 йилда вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 7,1 фоизга, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 6,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги 4,2 фоизга, хизмат кўрсатиш соҳаси 15,2 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари ҳажми 9,8 фоизга ўсди.
Бундан буён туманлар салоҳиятини сунъий интеллект ёрдамида таҳлилдан ўтказиб, саноат, инвестиция ва экспорт бўйича янги имкониятларни аниқлаш зарурлиги қайд этилди. Бу ишлар самарасини янада ошириш учун вилоятда «Рақамли тараққиёт – сунъий интеллект маркази»ни очиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Вилоятда саноатни бошқариш бўйича янги тизим жорий этилаётгани, ҳокимнинг саноат масалалари бўйича ўринбосарига инвестиция ва экспортни кўпайтириш, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушини ошириш бўйича аниқ самарадорлик кўрсаткичлари белгиланиши айтилди.
Саноатдаги қўшимча ўсиш манбалари сифатида қатор янги лойиҳалар кўрсатиб ўтилди. Жумладан, Ангрен шаҳрида керамик ва керамогранит плитка ишлаб чиқариш, Янгийўл туманида «Тинчлик» кичик саноат зонаси, Паркент туманида «Паркент Пҳарм» эркин иқтисодий зонаси, Ўрта Чирчиқ туманида мебелчиликка ихтисослашган кластер, қўзиқорин етиштириш ва ширин маккажўхори ишлаб чиқариш, Янгийўлда туркиялик сармоядор иштирокида балиқчилик мажмуаси, Нурафшон шаҳрида тўқимачилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилаётгани қайд этилди.
Паррандачиликни ривожлантириш бўйича Оққўрғон ва Оҳангарон туманларида йилига 30 минг тонна парранда гўшти етиштириш қувватига эга, қиймати 45 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади. Қайд этилганидек, пиёз ва саримсоқдан гектарига олинаётган даромад ғалладан бир неча ўн баробар юқори. Шунинг учун Оҳангаронда ғалла майдонларини юқори даромадли экинларга босқичма-босқич ўтказиш таклифи маъқулланди.
Қисқа вақт ичида Бўстонлиқдаги «Амирсой» қишки курорт мажмуаси ва «Белдерсой ресорт» маскани халқаро даражадаги туризм марказларига айлангани қайд этилди. Эндиликда шундай лойиҳаларни Паркент, Ғазалкент, Оҳангарон ва Ангреннинг тоғли ҳудудларида ҳам амалга ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Масалан, Паркентда «Олтин бел» чўққиси ва унга туташ ҳудудда меҳмонхона, «шале» услубидаги уйлар, дам олиш ва кўнгилочар мажмуаларни ўз ичига олган тоғ-чанғи курорт зонаси, Оҳангарон туманида эса «Мовий тоғлар» дам олиш оромгоҳи негизида замонавий туризм мажмуаси ташкил этилади.
Шунингдек, Ангрен шаҳрининг Лашкарак ва Янгиобод ҳудудларида «туризм қишлоқлари», Бекобод туманида экологик ва ов туризми, Паркент туманида «Кумушкон» туризм мажмуаси ҳамда Паркентсойда оилавий дам олиш масканлари ва меҳмон уйларини ташкил этиш режалаштирилган. Жойлаштириш воситалари қувватини 35,5 минг ўринга етказиш кўзда тутилган.
Йиғилишда йирик ижтимоий ва инновацион лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, Юқори Чирчиқ туманида 400 гектар майдонда қиймати 5 миллиард доллар бўлган «Ташкент Медиcал Смарт Cитй» халқаро инновацион тиббиёт шаҳарчасини барпо этиш режаси муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Нурафшон шаҳрида 35,4 миллион долларлик Келажак технологиялари марказини ташкил этиш, 100 дан ортиқ хорижий АТ компанияни жалб қилиш ва хизматлар экспортини йилига 20 миллион долларга етказиш, 670 ўринли кўп тармоқли тиббиёт кластери, ижтимоий муассасалар маркази, вилоят давлат архиви биноси каби лойиҳалар кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида Президент мутасаддиларга вилоят ислоҳотлар штаби билан биргаликда мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиб, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва яшаш шароитини яхшилашга қаратилган ҳар бир дастур ва лойиҳанинг аниқ натижа беришини таъминлаш юзасидан топшириқлар берди. Тошкент вилоятини камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириб, бошқа ҳудудлар учун намуна кўрсатиш масъуллар фаолиятининг энг устувор вазифаси бўлиши белгиланди.
Сиёсат
Спорт
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
77779
Жамият
56734
Жамият
55955
Жамият
51025
Жамият
//
Изоҳ йўқ