Давлат идораларида ҳафтада бир кун спортга бағишланади

Сақлаш
17:47 / 08.04.2026 10 0

Шавкат Мирзиёев раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда соҳани янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва тизимли ислоҳотлар бўйича вазифалар белгиланди.

 

Йиғилишда давлат органлари ва ташкилотларда соғлом турмуш тарзини кенг жорий этиш мақсадида янги тартиб белгиланди. Унга кўра, эндиликда ҳафтанинг бир куни барча вазирлик, идора ва ташкилотларда спорт куни сифатида ўтказилади. Мазкур кунда ходимлар учун спорт машғулотлари ташкил этилиб, раҳбарлар бу борада шахсан намуна кўрсатиши зарурлиги таъкидланди.

 

Шунингдек, жорий йилдан бошлаб вазирликлар, тармоқлар, банклар ва ҳокимликлар ўртасида ҳар йили республика спорт мусобақалари ўтказилиши режалаштирилмоқда.

 

Йиғилиш давомида сўнгги йилларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳам қайд этилди. Хусусан, мамлакат бўйлаб мингдан ортиқ замонавий спорт майдончалари барпо этилиб, юзлаб спорт иншоотлари ва минглаб хусусий спорт клублари фаолияти йўлга қўйилган.

 

Бундан ташқари, айрим ҳудудларда спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланилмаётгани, мактаб ва олий таълим муассасаларида спорт тўгараклари етарли даражада ишламаётгани ҳам танқид қилинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//