Аҳоли «Маҳалла – мактаб – спорт муассасаси – федерация» занжири асосида спортга жалб қилинади

Сақлаш
18:26 / 07.04.2026 9 0

«Маҳалла – мактаб – спорт муассасаси – федерация» занжири асосида аҳолини спортга жалб қилиш ва селекция бўйича янгича ёндашув жорий қилинади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

 

Олийгоҳ ректори, федерация раҳбарлари ва ҳокимлар ўртасида уч томонлама шартнома тузилади. Бунда ҳокимлар ҳудудидаги мактаб, техникум ва бошқа спорт объектларида дарсдан ташқари вақтда спорт тўгараклари ташкил қилиш учун шароит яратади.

 

Мутасаддиларга 9 мингта маҳаллани 26 та федерация раҳбарларига боғлаб, мактаблардаги тўгаракларни зарур спорт анжомлари билан жиҳозлаш топширилди.

 

Спорт йўналишидаги олийгоҳларнинг 2- ва 3-курс талабаларининг ярмини, 4-курсдагиларнинг эса барчасини дуал таълим билан қамраб олиб, мураббийлик қилиш учун тўгаракларга юбориш муҳим экани қайд этилди. Бундай талабаларга автоматик равишда мураббийлик сертификати берилади.

 

Талабалар ҳафтада уч кун олийгоҳда ўқиса, қолган кунларда ўзи бириктирилган мактаблардаги тўгаракка бориб, ёшларни шуғуллантиради. Спорт тўгаракларидаги тушумнинг 50 фоизи мураббий талабанинг ўзига берилади. Дуал таълим битирувчиларига диплом билан бирга ҳакамлик сертификатини бериш ҳам йўлга қўйилади.

 

Йиғилишда шунингдек, Спорт вазирлиги ва ҳокимлар олдига жорий йилда янги тизим орқали спорт билан доимий шуғулланувчилар сонини 2 карра ошириб, 1 миллион нафарга етказиш вазифаси қўйилди. Худди футболдаги каби «Беш ташаббус» мусобақаси ва спорт билан доимий шуғулланувчилар бўйича ҳам шаффоф, рақамлашган тизим қилиш зарурлиги қайд этилди.

 

Мутасаддиларга сунъий интеллект ёрдамида спортчи ва мураббийларнинг натижасини таҳлил қилиб, машғулотлар режасини тузадиган платформа яратиш топширилди. Спортдаги илмий ишлар бундан кейин фақат долзарб муаммолар ечимига қаратилиб, натижаси тўғридан-тўғри амалиётга жорий қилиниши зарурлиги таъкидланди. Эндиликда олимларнинг илмий иши натижа берса, спортчиларнинг ютуқлари кўпайса, халқаро мусобақаларда медаль олиб келса, ушбу олимларга 100 миллион сўмдан мукофот берилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//