Жамият
Аёллар эркаклардан узоқроқ умр кўришади. Data Explained тақдим қилган мақолада аёллар эркакларга нисбатан 5-10 йил кўпроқ умр кўришиши маълумот сифатида келтирилади.
Таъкидланишича, бу бутун дунё бўйлаб барқарор кузатилаётган тенденциядир. Қизиғи, дунё давлатларининг барчасида аёллар эркакларга қараганда узоқроқ яшаши кузатилган.
Масалан, Монакода аёллар ўртача 88,85 йил, эркаклар эса 84,76 йил умр кўришади. Нигерияда эса аёлларнинг ўртача умр давомийлиги 55,3 йил, эркакларники эса 54,6 йил.
Бой ҳамда кичик давлатлар ва Шарқий Осиё мамлакатлари (масалан, Япония, Жанубий Корея) узоқ умр кўриш кўрсаткичлари бўйича етакчилик қилмоқда. Рўйхатнинг энг охирги ўринларини эса фақат Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган Африка давлатлари эгаллаган.
Хўш, нега аёлларнинг умр кўриш давомийлиги эркакларникидан кўпроқ? Бунга сабаб аёллар генетик жиҳатдан мукаммалроқ ҳимояланганидир. Яъни аёлларда иккита Х хромосомаси бор. Бу эса агар уларнинг биттасида бирорта нуқсон бўлса, иккинчиси унинг ўрнини боса олишини англатади. Эркакларда эса аксинча, Х ва Y хромосомалар битта биттадан. Мабодо бу хромосомаларда хатолик бўлса, уларни тўлдирадиган захира йўқлиги учун, нуқсон сақланиб қолади.
Бундан ташқари, аёл организмидаги эстроген гормони нафақат гўзаллик, балки саломатлик учун ҳам хизмат қилади. Жумладан, у қон томирларини эластик қилади ва холестерин миқдорини камайтиради. Айнан мана шу омиллар туфайли аёллар нисбатан юрак-қон томир касалликларидан узоқроқ бўлади.
Яна бир қизиқ факт: эркаклар 37° иситмада ҳам ётиб қолади. Аёлларда эса бу кам кузатилади. Бу тадқиқотлар ёрдамида ҳам исботланган. Аёлларнинг иммун тизими одатда кучлироқ бўлиб, инфекцияларга қарши яхши курашади. Бу уларга кексайган чоғларида турли юқумли касалликлардан омон қолишга ёрдам беради.
Унда эркаклар нега камроқ яшайди?
Гап шундаки, дунё бўйича эркаклар ўртасида тамаки чекиш ва алкоголь истеъмоли аёлларга қараганда юқорироқ. Бу эса ўпка ва жигар касалликларига кўпроқ сабаб бўлади.
Бундан ташқари, эркаклар кўпроқ жисмоний оғир ва хавфли ишларда ишлашади. Шунингдек, эркаклар орасида таваккалчиликка асосланган ҳаракатлар (масалан, юқори тезликда машина ҳайдаш) кўпроқ учрайди.
Энг эътиборлиси, аёллар ўз соғлиғига кўпроқ эътибор беради ва касалликнинг илк белгиларидаёқ шифокорга мурожаат қилишга мойил бўлади. Эркаклар эса кўпинча оғриқ кучаймагунча шифокорга бормайди.
Хулоса қилинса, аёлларнинг узоқ умр кўриши ҳам табиат берган биологик ҳимоя (гормонлар ва генлар), ҳам эҳтиёткорона турмуш тарзи натижасидир.
Жамият
Жамият
Иқтисод
Маданият
Жамият
Жамият
77770
Жамият
56730
Жамият
55953
Жамият
51021
Жамият
//
Изоҳ йўқ