Бухоро вилоятида электр ва гибриб автомобиллар ишлаб чиқарилади

Сақлаш
17:35 / 02.04.2026 18 0

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 апрель куни Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.

 

2025 йилда Бухоро вилоятида ҳудудий ялпи маҳсулот ҳажми 7,2 фоизга ошиб, 86,6 триллион сўмга етди, саноатда 7,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,3 фоиз, хизматлар соҳасида 14 фоиз ўсиш қайд этилган. Ишсизлик 2024 йилга нисбатан 4,7 фоизгача, камбағаллик даражаси 6 фоизгача пасайган.

 

Йиғилишда Бухоро вилоятини 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари кўриб чиқилди. Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 102,1 триллион сўмга етказиб, 9,1 фоиз ўсишга эришиш, саноат ҳажмини 9,1 фоизга, қишлоқ хўжалигини 5,9 фоизга, хизматлар ҳажмини эса 20,1 фоизга ўстириш вазифалари белгиланди. Ишсизлик ва камбағаллик даражасини 2 фоизгача қисқартириш, 381,5 минг нафар аҳолини даромадли қилиш назарда тутилган.

 

Давлат раҳбари Бухоро уч минг йиллик тарихга эга кўҳна замин экани, бундай бой маданий мерос ва тарихий обидалар жамланган шаҳарлар дунёда кам учрашини таъкидлади. Мазкур салоҳиятни иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадини ошириш ва инфратузилмани яхшилашга хизмат қилдириш зарурлиги қайд этилди.

 

Инвестиция ва экспорт йўналишида 2026 йилда 3,3 миллиард долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, 1,5 миллиард долларлик экспортни таъминлаш, умумий қиймати 9,2 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш вазифаси қўйилди.

 

Саноатни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, саноат тармоқлари кесимида 61 та йирик лойиҳа шакллантирилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 2,2 миллиард долларни ташкил қилади. Натижада 18 минг та янги иш ўрни яратиш, аҳоли жон бошига саноат ҳажмини 25,6 миллион сўмдан 29,6 миллион сўмга етказиш мўлжалланган.

 

Хусусан, Когон туманида йилига 80 мингта электр ва гибрид автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Лойиҳанинг қиймати 350 миллион долларни ташкил этиб, 500 та иш ўрни яратилади.

 

Шунингдек, Бухоро туманида пиролизни қайта ишлаш орқали бензол, толуол, ксилол, пентан, гексан, битум ва кальций хлорид ишлаб чиқариш бўйича 220 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш, Қоровулбозор туманида 85 миллион долларлик лойиҳа асосида АИ-91 ва АИ-92 бензин ишлаб чиқаришни кенгайтириш, Когон туманида қоғоз ва картон маҳсулотлари тайёрлашни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

 

Қоровулбозор туманида йилига 100 минг тонна минерал ўғит, Когон туманида эса гипсокартон ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалари ҳам муҳокама қилинди.

 

Йиғилишда вилоятдаги 3 миллион гектар яйлов ерларидан самарали фойдаланиш, чорвачиликни ривожлантириш, озуқабоп экинлар майдонини кенгайтириш бўйича янги ёндашувлар ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилда 59,2 минг гектар майдонга тўлиқ озуқабоп экинлар экиш режалаштирилган. Шунингдек, умумий қиймати 454 миллиард сўм бўлган 82 та чорвачилик лойиҳасини амалга ошириш учун четдан 20 минг бош наслли қорамол, 30 минг бош қўй ва 200 бош от олиб келиш кўзда тутилган.

 

Чорвачиликда ҳар бир туманда 50 бош наслли қорамолга мўлжалланган замонавий мини фермалар ташкил этиш таклифи кўриб чиқилди. Ушбу дастур доирасида 110 та лойиҳа амалга оширилиб, 5,5 минг бош наслли қорамол олиб келинади, 3 минг 750 та янги иш ўрни яратилади ва 51,5 минг тонна қўшимча сут ишлаб чиқариш қуввати шакллантирилади.

 

Туризм соҳаси ҳозирда асосан Бухоро шаҳри ҳисобига тўғри келаётгани, вилоятнинг бошқа туманларидаги имкониятлар эса ҳали тўлиқ ишга солинмагани қайд этилди. Жондор, Ғиждувон, Бухоро, Қоракўл ва Вобкент туманларида соҳил бўйи ва йўл бўйи драйвер лойиҳаларини амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли учун замонавий дам олиш муҳитини шакллантириш бўйича катта имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди.

 

Шу муносабат билан 2026 йилда 3,5 миллион хорижий ва 5,5 миллион маҳаллий сайёҳни жалб қилиш, умумий туристлар сонини 9 миллионга етказиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун 2026 йилда 73 та янги жойлаштириш воситаси, 15 та янги туроператор ва турагент ишга туширилади.

 

Бухоро шаҳрида барпо этилаётган янги туризм марказида 5 та халқаро брендли меҳмонхона ташкил этиш, Шофиркон туманида Хўжа Ориф, Бухоро туманида Чор Бакр ва Ёржон туризм қишлоқларини ривожлантириш, Бухоро шаҳрида Моҳи Хоса туризм маҳалласини шакллантириш назарда тутилган. Бухоро тарихий марказида УНEССО талабларига мос алоҳида маъмурий бошқарув тизимини жорий қилиш муҳимлиги таъкидланди.

 

Шунингдек, Когон шаҳрида 6 та тарихий объект негизида туризм шаҳарчасини ташкил этиш таклифи кўриб чиқилди.

 

Кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Австриянинг Кремс университети билан қўшма факультет очиш, Бухоро туризм ва маданий мерос техникумини мазкур олийгоҳ бошқарувига бериш режалаштирилган. Бунда тўлиқ дуал таълим асосида мутахассислар тайёрлаш ва бошқарув кадрларини қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Ушбу университет Бухоро шаҳрида ташкил этилаётган туну кун кўчаларни бошқариш бўйича янги моделни ишлаб чиқишга ҳам кўмаклашади.

 

Йиғилишда аҳоли сонининг ўсишига мос равишда уй-жой ва инфратузилмани ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Бухоро туманидаги Работак маҳалласи ҳудудида 63 гектар майдонда 10 мингдан ортиқ хонадонли замонавий уй-жой комплекси ҳамда Бухоро шаҳрида янги маъмурий марказ ташкил қилиш, «Янги Ўзбекистон» массиви ҳамда «Янги Ўзбекистон» боғини барпо этиш, Бухоро давлат университетининг янги кампусини қуриш каби йирик қурилиш ва урбанизация лойиҳалари муҳокама қилинди.

 

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш учун 2026 йилда жами 4 триллион 484 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши, бунинг ҳисобига мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари ҳамда коммунал ва транспорт инфратузилмаси бўйича юзлаб лойиҳалар амалга оширилиши қайд этилди.

 

Президент Бухоро вилоятининг мавжуд имкониятларини тўлиқ ишга солиш, ҳар бир ташаббусни аниқ лойиҳага айлантириш, инвестиция, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва инфратузилма соҳаларида натижадорликни таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//