Жавоҳир Синдаров Номзодлар турнирининг якка пешқадамига айланди

Сақлаш
09:19 / 02.04.2026 13 0

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров 1 апрель куни шахмат бўйича Номзодлар турнирининг тўртинчи турида америкалик Фабиано Каруана устидан ғалаба қозонди ва мусобақанинг якка пешқадамига айланди.

 

Ўзаро учрашувга ҳар икки шахматчи бир хил натижа – 3 имкониятдан 2,5 очко олиб етиб келган эди. Ушбу ғалаба Синдаровга 4 имкониятдан 3,5 очко жамғариш ва турнир жадвалида биринчи ўринга чиқиш имконини берди.

 

Ўйин 36-юришда якунланди. Оқ доналарда ўйнаган Синдаров учрашувни ишонч билан ўтказди ва турнирнинг асосий фаворитларидан бирини мағлуб этишга муваффақ бўлди.

 

Бу ғалаба Синдаров учун турнирдаги учинчиси бўлди ва у якуний ғолиблик учун жиддий даъвогарга айланди.

 

Навбатдаги, бешинчи тур 3 апрель куни бўлиб ўтади. Унда Жавоҳир Синдаров қора доналарда америкалик гроссмейстер Хикару Накамурага қарши баҳс олиб боради.

 

Муваффақиятли стартга қарамай, иштирокчиларни олдинда ҳали ўнта партия кутмоқда ва турнирдаги ғалаба учун кураш очиқлигича қолмоқда.

 

2026 йилги Номзодлар турнири 29 мартдан 15 апрелгача бўлиб ўтмоқда ва унда сайёранинг саккиз нафар энг кучли гроссмейстери, жумладан, Ҳикару Накамура, Фабиано Каруана ва ўзбекистонлик дебютант Жавоҳир Синдаров иштирок этмоқда. Иштирокчилар икки даврада (14 тур) 500 минг евро миқдоридаги соврин жамғармаси ва, энг муҳими, шахмат тожи учун кечадиган баҳсда амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Доммараджу Гукешга қарши баҳс олиб бориш ҳуқуқи учун курашади.

 

Мусобақа регламенти классик вақт назоратини кўзда тутади ва 40-юришгача дуранг қайд этиш тақиқланади. Ғолиб 48 минг евро олади, бундан ташқари, ҳар бир иштирокчи жамғарган ҳар ярим очкоси учун 3500 евродан мукофотланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//