Масъуд Холовнинг «Алп Турон изидан» кўргазмаси қандай асарларни ўз ичига олган?

Сақлаш
15:50 / 31.03.2026 17 0

27 март куни Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, истеъдодли рассом Масъуд Холовнинг «Алп Турон изидан» номли шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.

 


Кўргазмада рассомнинг рангтасвир асарлари, эскиз ва қораламалари, шунингдек болаликда яратган дастлабки ишлари намойиш этилмоқда.
 

 

Кўргазманинг номи турк анъаналарига ишора қилади: «алп» — қаҳрамон, «Турон» эса Марказий Осиёнинг маданий ва тарихий маконини билдиради. Бу умумий образни шакллантириб, тарихий онг, ўзликни англаш ва мерос тушунчаларини ифодалайди.

Рассом ижоди асрлар давомида маданий анъаналар шаклланган, халқлар тақдири кесишган, буюк шахслар дунёга келган Турон ва Туркистон тарихига бағишланган. Она юрт ўтмишига бўлган қизиқиш, унинг улуғворлигини ифода эта оладиган бадиий воситаларни излаш мусаввирнинг ёшлигидан то ҳозирги кунгача бўлган ижодий йўлини белгилаб берди. У болалигидаёқ миллий қаҳрамонлар тасвирларини чизишни бошлаган, айниқса буюк аждодимиз, Соҳибқирон Амир Темур сиймосига кўп мурожаат қилган, бу унинг ижодида асосий мавзу бўлиб қолмоқда.

Маъсуд Холов тарихий материал билан ишлашда турли манбалардан: ёзма маълумотлар, илмий тадқиқотлар, миниатюралар, тасвирий маданият ёдгорликларидан фойдаланади. Бу унга нафақат қаҳрамонларнинг ташқи қиёфасини тиклаш, балки уларнинг ички дунёси ва характерини ҳам ифодалаш имконини беради.
 


Кўргазмада намойиш этилаётган асарлар орасида Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек каби буюк сиймолар портретлари алоҳида ўрин тутади. Муаллиф уларнинг образларини қайта талқин этиб, тарихий ҳаққонийликни бадиий ечим билан уйғунлаштиради. Асарлар қаҳрамонлари куч-қудрат, шаън ва инсон руҳиятининг тимсоли сифатида намоён бўлади. Шу билан бирга, образлар галереяси эркак шахслар билан чекланмайди, унда аёл қиёфалари ҳам мавжуд. Рассом бу сиймоларга мурожаат қилиш орқали аёлларнинг қадр-қиммати, тарихий аҳамияти мавзусини очиб беради, қаҳрамонлик ҳақидаги анъанавий тушунчани кенгайтиради.

 


Ижодкор рангтасвир техникасини мукаммал эгаллаган ҳолда, яхлит ва ифодали асарлар яратади. Уларда тарихий образ иллюстративлик доирасидан чиқиб, мураккаб тасвирий тафаккур тизимига айланади. Портретнинг академик аниқлиги кўп қатламли рамзий муҳит билан ҳамоҳанглик касб этиб, нақш, меъморий унсурлар ва қаҳрамон қиёфаси ўзаро боғланган ягона бадиий-семантик маконни ҳосил қилади. Кўргазмада тарихий меъморий мажмуаларни тиклашга бағишланган асарлар ҳам ўрин олган бўлиб, улар макон ва даврни чуқур бадиий англашни акс эттиради.

 


Маъсуд Холов учун ўтмиш битмас-туганмас илҳом манбаи, бадиий тафаккурни шакллантирувчи ва ижодий ифоданинг юксак мезонларини белгиловчи муҳим омилдир. Унинг асарлари даврлар ўртасида ўзига хос мулоқот яратиб, тарихни жонли ва долзарб ҳолга келтиради.


Томошабинни шахс, вақт ва маданий хотира ҳақида мулоҳаза юритишга чорлайдиган ушбу кўргазма 5 апрелга қадар давом этади.

 

Маълумот учун, Масъуд Холов 1984 йил 6 декабрда Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳрида туғилган. Республика рассомлик коллежи ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг маҳобатли рангтасвир йўналишида таҳсил олган. унинг энг муҳим лойиҳалари қаторида Тошкентдаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Самарқанддаги Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси учун яратилган асарларини санаш мумкин. Ушбу ишлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, таниқли рассом Алишер Алиқулов раҳбарлигида ва ҳамкорлигида амалга оширилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//