«Ўзбекистонда 10 дан ортиқ банк исломий молия хизматларини жорий этишга тайёргарлик кўрмоқда» – ЎБА

Сақлаш
12:15 / 30.03.2026 12 0

Ўзбекистонда Исломий банк фаолиятини тартибга соладиган қонун қабул қилинди. Унга кўра, исломий банк фаолиятини йўлга қўйиш учун Марказий банк лицензияси талаб этилади. Мазкур лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади ва лицензияларни ёки уларга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш тақиқланади.

 

Ушбу қонун 28-июндан кучга киради.

 

Ўзбекистон банклари ассоциацияси(ЎБА) берган маълумотга кўра, қонун Марказий банк томонидан маҳаллий ва хорижий экспертлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, халқаро стандартлар ва илғор тажрибага асосланган.

 

Янги қонунга мувофиқ:

▪️ Исломий банкинг фаолияти, исломий молиявий операциялар, стандартлар ва инвестициявий омонат тушунчалари қонунчиликка киритилди;

 

▪️ Исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялаш тартиби жорий этилди;

 

▪️ Исломий банклар савдо фаолияти билан шуғулланиши, юридик шахслар ташкил этиши ва уларда улуш ёки акцияларга эга бўлиши мумкин.


Ҳужжатга биноан, банклар қуйидаги 6 турдаги исломий молиявий операцияларни амалга ошириши мумкин:

Музораба — фойдани тақсимлаш асосида молиялаштириш;

 

Вакала — агентлик шартномаси орқали маблағ жалб қилиш ёки жойлаштириш;

 

Мурабаха — товарни бўлиб-бўлиб тўлаш орқали молиялаштириш;

 

Салам — олдиндан тўлов асосида молиялаштириш;

 

Мушорака — шериклик ёки устав капиталида иштирок этиш орқали молиялаштириш;

 

Ижара — исломий ижара (лизинг) ва кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан.


Бундан ташқари, 

➖ Исломий молия фаолиятини мувофиқлаштириш учун Марказий банк ва тижорат банклари ҳузурида махсус кенгашлар ташкил этилиши;

 

➖ Исломий молиявий операциялар учун алоҳида солиқ тартиби белгиланиши каби қўшимча тартиблар кўрсатиб ўтилган.


Марказий банк маълумотига кўра, 2030 йилгача Ўзбекистонда 10 тага яқин исломий банк очилиши кутилмоқда. Шундан камида 3 та давлат банки «исломий ойна» (исломий молия бўлими)ни ишга туширади.

 

2026–2030 йилларда тахминан 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида қўшимча инвестиция ва депозитлар жалб қилиниши режалаштирилган.

 

Хабарда ёзилишича, ҳозирда 10 дан ортиқ банк исломий молия хизматларини жорий этишга тайёргарлик кўрмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//