“Глобаллашган дунёда ўзликни сақлаш – бу стратегик масала”. Ягона маънавий макон барпо этиш мавзуси муҳокамада

Сақлаш
17:06 / 25.03.2026 17 0

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан “Ўзбекистонда ягона маънавий макон барпо этишнинг стратегик йўналишлари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

 

 

Конференцияда мамлакатимизда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, жамиятда умумий қадриятлар маконини шакллантириш ҳамда аҳолининг мафкуравий иммунитетини кучайтириш масалалари илмий-амалий жиҳатдан муҳокама қилинди.

 

Тадбирда профессор-олимлар, соҳа мутахассислари, тадқиқотчилар, олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, долзарб мавзулар юзасидан ўз маърузалари билан қатнашдилар.

 

 

Муҳокамалар жараёнида иштирокчилар мамлакатда маънавий-маърифий соҳани ривожлантириш, миллий қадриятларни асраш ҳамда жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлашга қаратилган қатор илмий таклиф ва амалий тавсияларни илгари сурдилар. Конференция якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни келгусида амалга ошириладиган ишлар режасига киритиш белгилаб олинди.

 

Гото Микако, япон тарбия методологияси бўйича халқаро эксперт (Япония):

 

 

Япониянинг иккинчи жаҳон урушидан кейин тикланиши кўпинча саноат, технология, менежмент ва меҳнат интизоми билан изоҳланади. Бу албатта тўғри, лекин шу омилларнинг ичида ҳал қилувчиси – инсон капитали ҳисобланади. Технологияни сотиб олиш, патентни ўрганиш, ишлаб чиқаришни ташкил қилиш мумкин. Аммо буларни ҳаракатга келтирувчи куч – тарбияли инсон, масъулиятли шахс ва виждонли авлод ҳисобланади.

 

Япон педагогикаси марказида Таълим – тарбия эмас, Тарбия – таълим тамойили туради. Бу бежиз эмас. Чунки яхши тарбияланмаган болага фақат билим беришнинг ўзи етарли эмас. Тарбия – фанларни бир-бирига боғлайдиган икки меҳвардир. Мен буни кўпинча Япон елпиғичи рамзи сифатида тушунтираман. Елпиғичнинг турли қатламлари фанлар, уларни бирлаштириб турган марказий мих эса тарбиядир. Агар ўша марказ бўлмаса қатламлар сочилиб кетади. Агар тарбия бўлмаса билимлар ҳам шахсни яхлит инсонга айлантира олмайди.

 

Ўзбекистонда япон тарбия методологияси, ахлоқий тарбия тажрибаси, ёшларда фазилат шакллантириш технологияси ўрганилаётгани мени жуда қувонтиради. Бу ҳолатни мен шунчаки илмий қизиқиш эмас, чуқур маънавий ёндашув деб қабул қиламан.

 

 

Раъно Турдибоева, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD):

 

 

– Энг аввало боқимандалик кайфиятидан чиқиб кета олмаётган қатлам билан маънавий кураш олиб бориш олдимизда турган вазифалардан биридир.

 

Биринчидан, боқимандалик кайфиятидаги фуқаролар билан манзилли ишларни олиб бориш учун Маҳалла еттилиги аъзоларига фаровонлик сари ўзгариш қилмасдан туриб натижага эришиб бўлмаслигини тушунтиришимиз керак.

 

Иккинчидан, маҳаллаларда меҳнат, ҳалоллик, оилавий қадриятлар асосида ўзига бўлган ишонч ва фаровон ҳаёт сари интилиш ҳиссини оширишга қаратилган ишларни олиб боришимиз керак.

 

Учинчидан, маҳаллаларда маънавий кўмакчилар имкониятларидан самарали фойдаланишимиз керак. Булар кимлар? Нуронийлар, Оқила аёллар ҳаракати аъзолари, кайвонилар...

 

Тўртинчидан, оилалар ва аҳоли билан якка тартибда ишлаш жараёнида яхши яшаш учун энг аввало яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этиш зарурлигини англатиш керак.

 

Бешинчидан, маънавий-маърифий тадбирларга авлод, аждодларимизнинг энг ноёб фазилатлари: ахлоқ, одоб, қадриятлар, касб-ҳунарлар, сулолавий анъаналарни намоён эттириш  керак.

 

Олтинчидан, фаровонликни маънавий томонларини ўрганадиган илмий-тадқиқот ишларини кўпайтириш керак.

 

 

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

 

 

– Инсоният тарихида, тақдирида қисқа жиҳатдан олдин кузатилмаган янги бир давр бошланди. Бу – глобализм. Инсоният бундан кейин фақат бир-бирига қоришиб боради ва ўтмишда ўзликлар шаклланди, бундан кейин бирлашиб боради. Биз бир нуқтада кўпайдик. Консерватизм – менинг отам, менинг бобом мендан ақллироқ, яъни аждодларимиз биздан ақллироқ бўлган, деган қараш. Прогресистларнинг қараши эса ота-онамизни ҳурмат қиламиз, лекин биз улардан кўпроқ нарсани биламиз ва кўпроқ нарсани ўзгартиришимиз керак, деган қарашни илгари суради.

 

Глобаллашган дунёда ўзликни сақлаш – бу стратегик масала. Маънавий барқарорликка эҳтиёж маънавий соғлом муҳит зарурати консерватив жамиятлардаги оддий эҳтиёж ҳисобланади. Маънавий қадриятлар нуқтаи назаридан Ўзбекистон жамиятини мўътадил консерватив жамият деб бемалол айтиш мимкин. Оила қадрияти, эр-хотин, ота-бола муносабати, инсонлар ўртасидаги тарихан шаклланган мувозанат ва муносабатлар қадрияти, аёлга ҳурмат, эҳтиром, фарзандларни юксак қадрлаш, кўп фарзандлилик, маҳалладаги биродарлик, яхши қўшничилик руҳияти ва шунга ўхшаш қадриятларимиз тарихан шаклланган.

 

Анъанавий ва консерватив жамиятдаги маънавий муҳитнинг ўзгаришига, бузилишига сабаб бўлаётган кўплаб омиллар мавжуд. Замонавий дунёда бу омилларнинг занжир эффекти биргаликда таъсир қилиш ҳолатини ҳам кузатиш мумкин.

 

Назаримда, маънавий макон деганда Ўзбекистон жамиятининг барқарорлиги ва яшовчанлиги, рақобатбардошлиги ва ҳаётий энергиясини юқори даражада қолиши учун керакли бўлган қадриятлар тизимига айтилади. Мен мутахассис эмасман, ўз гипотезаларимни айтяпман. Маънавий маконнинг сақланиши, ҳимоя қилиниши жамият тараққиётининг, Ўзбекистон халқининг яшаб қолиши учун керак бўлган фундаментал зарурат  сифатида кўрилади.

 

 

                                                                               Дилфуза МАҲКАМОВА,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//