Амир Темур хиёбони ҳудуди 7 апрелгача ёпилади

Сақлаш
09:24 / 23.03.2026 11 0

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ободонлаштириш ишлари олиб борилиши муносабати билан 2026 йил 23 мартдан 7 апрель кунига қадар (шу куни ҳам) Амир Темур хиёбони ҳудуди бутун периметри бўйлаб вақтинча ёпилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.

 

Хабарга кўра, чекловлар фақат Махтумқули, Истиқбол, Сайилгоҳ кўчалари ҳамда Амир Темур ва Мустақиллик шоҳкўчалари чегараларида жойлашган хиёбон майдонининг ўзига тааллуқлидир.

 

Ишлар давомида пиёдалар йўлаклари қопламасини таъмирлаш ва қисман янгилаш, муҳандислик коммуникациялари ва суғориш тизимини модернизация қилиш, шунингдек, ҳудудни кўкаламзорлаштириш режалаштирилган. Янгиланаётган суғориш тизими сувдан янада оқилона фойдаланишни ҳамда мавжуд яшил майдонларни янада самаралироқ суғоришни таъминлайди.

 

Таъкидланишича, олиб борилаётган ишлар доирасида мавжуд бўлган бирорта ҳам дарахтга зиён етказилмайди. Аксинча, қўшимча кўчатлар экиш ва ҳудудни кўкаламзорлаштиришни кучайтириш ишлари кўзда тутилган.

 

Бунда туташ кўчаларда автотранспорт ҳаракати ва йўл бўйида тўхтаб туриш имконияти одатдаги тартибда сақланиб қолади. Белгиланган муддатда хиёбон ҳудудига олиб чиқувчи метро бекатларининг чиқиш йўллари ҳам вақтинча ёпилади.

 

«Келтирилган вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраймиз ва тушунганингиз учун миннатдорлик билдирамиз», дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//