Ўзбек жамиятига таъсир этувчи омиллар нима?

Сақлаш
12:08 / 21.03.2026 11 0

“Юксалиш” ҳаракати томонидан жамиятни юксалтиришга таъсир қилувчи салбий ва ижобий омилларни ўрганиш мақсадида ижтимоий сўров ўтказилди.

 

Унда 2 та асосий савол тақдим этилди: 1) Жамият ривожланишига тўсқинлик қилаётган омиллар; 2) Биринчи саволда жамият ривожланишига тўсқинлик қилаётган омиллар.

 

Респондентлар 1-саволга жавобан лоқайдлик, таниш-билишчилик ва коррупция, боқимандалик, исрофгарчилик ва дабдабабозлик, маҳаллийчилик, шунингдек, масъулиятсизлик ҳамда бепарволик каби омилларни қайд этган.

 

Иккинчи саволга эса қонун устуворлиги, илм ва билимга ҳурмат, шахсий масъулият, адолатли бўлиш ҳамда ҳалоллик ва орият каби қадриятлар жамият тараққиёти учун муҳим эканини жавоб сифатида таъкидланган.

 

Ривожланишга тўсқинлик қилаётган омиллар

 

Биринчи савол натижалари шуни кўрсатдики, жамият ривожига энг катта тўсқинлик қилаётган омил — бу лоқайдликдир. Респондентларнинг 61,6 фоизи (277 та жавоб) атрофдаги воқеаларга бефарқ қараш, “менга дахли йўқ” деган муносабатни асосий муаммо сифатида қайд этди. Шунингдек, жавобларнинг йирик улуши сифатида таниш-билишчилик ва коррупция иллати ҳам 52,4 фоиз (236 та жавоб) билан жамиятнинг муҳим муаммолари сафига кирган.

 

Айрим жавоблар, хусусан, 51,6 фоиз (232 та жавоб) ҳолатда боқимандалик кайфияти танлаган бўлса, 45,8 фоиз (206 та жавоб) респондент тўй ва маросимлардаги дабдабабозликни тараққиётга халақит берувчи омил деб ҳисоблайди. 43,3 фоиз (195 та жавоб) иштирокчи бепарволик ва масъулиятсизлик жамият бирдамлигига энг катта тўсиқ бўлаётганини таъкидлади.

 

Маҳаллийчилик, ҳасад ва ғийбат, вақтни қадрламаслик, шунингдек, ёшлар фикри билан ҳисоблашмаслик каби одатлар сўров иштирокчилари томонидан нисбатдан кам танлаган жавоблар сифатида қайт этилган.

 

Юксалиш учун устувор қадриятлар

 

Жамиятни тараққий эттириш учун қайси қадриятлар таянч бўлиши керак, деган саволга фаоллар сўровда шахсий фикрларини турлича нисбатда қайд этишган.

 

Танланган жавоблар орасида респондентларнинг 66,9 фоизи (301 та жавоб) қонун устуворлигини энг муҳим омил сифатида кўрсатди. Бундан ташқари, 46,7 фоиз (210 та жавоб) иштирокчи илм ва билимни юксалишнинг ажралмас шарти сифатида қайд этди. Яъни жамият ривожини малакали кадрлар ва билимли авлодсиз тасаввур этиб бўлмайди.

 

Шу билан бирга, шахсий масъулият (43,6 фоиз, 196 та жавоб) , адолат (43,3 фоиз, 195 та жавоб), ҳалоллик ва фаол фуқаролик позицияси (35,1 фоиз, 158 та жавоб) ҳам муҳим қадриятлар сифатида эътироф этилди.

 

Сўров давомида иштирокчилар бир қатор маънавий масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратган. Аввало, оила, инсонпарварлик ва ўзаро ҳурмат жамиятнинг энг муҳим устуни эканлиги урғуланган. Шу билан бирга, ривожланишнинг муҳим шарти сифатида вақтдан унумли фойдаланиш зарурлиги айтилган.

 

“Демак, мазкур ўрганиш “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга ошириладиган янгиланишларда иқтисодий ислоҳотларнинг ўзи етарли эмаслиги кўрсатмоқда. Асосий эътибор инсон капиталини ўзгартиришга, яъни фуқаролардаги лоқайдликни бартараф этиш ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилиши зарур. Бошқача айтганда, биз лоқайд жамиятдан масъулиятли жамиятга ўтишимиз шарт. Айнан мана шу ёндашув 2026 йил учун белгиланган дастур йўналишларининг мазмун-моҳиятини белгилаши лозим”, дейилади сўровнома хулосасида.

 

 

 

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//