“Электробуслар бўйича Самарқанд тажрибасини яратишимиз керак” – Шавкат Мирзиёев

Сақлаш
16:32 / 18.03.2026 11 0

Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти учун олиб келинган замонавий электробуслар ва қувватлаш станцияси фаолияти билан танишди.

 

Давлат раҳбарининг 2023-йил 17-февралда қабул қилинган “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳудудларда ҳам автотранспорт хизматлари яхшиланиб, жамоат транспорти йўналишлари кенгайтирилмоқда.

 

Айтилишича, Самарқанд шаҳрига биринчи босқичда 49 миллион доллар ҳисобига 100 та замонавий электробус олиб келинди. Мазкур “Ютонг” русумли электробуслар 30 ўринли бўлиб, умумий сиғими 75 нафар йўловчидан иборат.

 

 

Янги автобуслар учун 4 гектарга яқин майдонда автосарой ташкил этилган. Бу ердаги электробусларни қувватлаш станциясида бир вақтнинг ўзида 50 та жамоат транспортига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Электробуслар шаҳарнинг 9 та йўналишида брутто-шартнома асосида ҳаракатланиб, кунига 70 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатмоқда.

 

Лойиҳанинг иккинчи босқичида эса яна 250 та электробус харид қилиш назарда тутилган. Бунинг учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 120 миллион доллар маблағ жалб қилиш режалаштирилган. Натижада ёқилғи сарфи 32 минг литр, зарарли газлар миқдори 27 тоннага камаяди.

 

 

Маълумот берилишича, бугунги кунда автосаройда 265 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Янги электробусларнинг олиб келиниши жараёнида эса яна 500 дан зиёд иш ўринлари яратилади.

 

“Мазкур соҳанинг иқтисодий барқарорлигини ошириш учун электробусларга хизмат кўрсатадиган, уларни таъмирлайдиган мутахассисларни тайёрлаш бўйича Самарқанд тажрибасини яратишимиз керак”, деди давлат раҳбари.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//