Иқтисод
Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш маросимида иштирок этди.
.jpg)
Хабарга кўра, «Ёшлик-1» конини ўзлаштириш дастури доирасида 196 гектар майдонда амалга оширилаётган қиймати 2 миллиард 700 миллион долларлик ушбу лойиҳа шунчаки корхона эмас, балки Ўзбекистон саноат қудратини янада мустаҳкамлайдиган, табиий бойликларимизни чуқур қайта ишлашга хизмат қиладиган замонавий индустриал мажмуа ҳисобланади.
Фабрика йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаб, 900 минг тоннага яқин мис концентрати ишлаб чиқариш қуввати билан нафақат Марказий Осиёдаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчи мажмуалардан бири, балки дунёдаги йирик бойитиш фабрикалари сирасига киради.
Лойиҳани жаҳон стандартлари даражасида амалга ошириш мақсадида Италиянинг «Wood», Буюк Британиянинг «Worley Parsons» каби компаниялари жалб этилди. Фабрикада жаҳоннинг етакчи компаниялари – «Metco», «FLSmidth», «Weir Minerals» ва «Siemens» технологиялари жорий этилган.
.jpg)
Мазкур лойиҳа ҳудуддаги турдош саноат тармоқлари ривожига ҳам кучли туртки берди. Қурилишда ишлатилган металл конструкциялар ҳажмига тенг материалдан 10 та Эйфел минораси, темир-бетон сарфига эса қарийб 2,5 та Бурж Халифа минорасини барпо этиш мумкин. Бу фабриканинг мегалойиҳа эканини яна бир бор тасдиқлайди.
«Яшил макон» умуммиллий дастури доирасида фабрика ҳудудида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Томчилатиб суғориш тизимлари ва экодизайн ечимлари саноат ҳамда табиат мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.
Президент ўз нутқида сўнгги йилларда тоғ-кон саноатида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари ва келгуси режалар ҳақида гапирди.
.jpg)
Таъкидланишича, конларни инвесторларга бериш бўйича шаффоф тизим яратилганининг ҳисобига тўққиз йилда 10 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилди. Бугун соҳада 65 та хусусий корхона фаолият юритмоқда.
Натижада тармоқда ишлаб чиқариш 1,7 баробар ўсиб, ўтган йилда 270 триллион сўмга етди. Саноат ҳажми ва буджетга тушумнинг тўртдан бири ушбу тармоқ ҳиссасига тўғри келмоқда.
Хорижий ҳамкорлар билан юқори малакали кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилгани ҳам энг катта ютуқлардан бири бўлгани айтилди.
Хусусан, Олмалиқда «Москва пўлат ва қоришмалар институти» университети филиали («MISiS»), Олмалиқ техника институти, Тошкент шаҳрида Геология фанлари университети (Ухан геология университети билан ҳамкорликда) ҳамда Италиянинг Пиза университети филиали ташкил қилинди. Навоий кончилик технологиялари университетида ҳам Россия, Канада, АҚШ, Франсия ва Чилининг илғор олийгоҳлари билан қўшма дастурлар йўлга қўйилди.
Бунинг самараси ўлароқ, илгари қимматбаҳо ва рангли металлар асосан хомашё шаклида экспорт қилинган бўлса, бугун йилига 100 минг тонна мис ўзимизда қайта ишланиб, юқори қийматли маҳсулот яратилмоқда, қисқа муддатда заргарлик саноатида ишлаб чиқариш 3,3 карра ўсиб, 13 триллион сўмдан ошди.
Давлат раҳбари жорий йилнинг ўзида ишга тушадиган лойиҳаларни ҳисобга олиб, мисни чуқур қайта ишлаш қувватлари 240 минг тоннага етишини таъкидлади. Яқин икки-уч йилдаги янги лойиҳалар натижасида бу кўрсаткичлар янада ошади.
(1).jpg)
Ташриф давомида мис саноат, энергетика, электротехника, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, «яшил» тараққиёт учун стратегик хомашёга айлангани урғуланди.
«Кимки мис саноатида юқори қиймат занжирини яратса, келажак саноатини барпо этган бўлади. Қайси давлат бу хомашёни чуқур қайта ишлаш учун кучли инфратузилма яратса, у минглаб оилаларга даромад, ҳудудларга тараққиёт, мамлакатга қудрат олиб келади. Шу боис, биз ислоҳотларимизнинг илк кунларидан геология-қидирув ишларига алоҳида эътибор қаратиб, мавжуд захиралар ва уларни ишга солиш бўйича имкониятларимизни белгилаб олдик», деди давлатимиз раҳбари.
Биргина «Ёшлик-1» конидан жорий йилнинг ўзида 20 миллион тонна руда қазиб олинади. Бу рақам келгуси икки йилда 60 миллион тоннага етади.
Умуман, «Ёшлик-1» ва «Қалмоққир» конларида 45 миллион тонна мис, 5 минг тоннадан зиёд олтин захирасининг борлиги, ушбу захира саноатга камида 100 йилга етадиган кафолатли хомашё базаси бўлиши таъкидланди. Бундан ташқари, конлардаги молибден, селен, теллур, рений каби ноёб металлар янги инновацион йўналишлардаги лойиҳалар учун мустаҳкам замин яратади.
3-мис бойитиш фабрикаси тўлиқ ишга тушганидан кейин Олмалиқ комбинатида мис концентратининг кунлик ҳажми ҳозирги 2 минг 400 тоннадан 5 минг тоннага ошади. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида 6 мингдан зиёд ёшлар юқори даромадли иш жойига эга бўлади.
Фабрикада АҚШ, Германия, Россия, Хитой ва Финляндиянинг тоғ-кон саноатидаги энг илғор технологиялари жорий қилинмоқда. Барча технологик жараёнлар рақамлаштирилиб, сунъий интеллект асосида ягона бошқарув тизимига уланади. Буларнинг ҳисобига энергия сарфи 10 фоизга, таннарх 15 фоизга камаяди, меҳнат унумдорлиги эса 10 фоизга ошади.
Бундан ташқари, қиймати 2,5 миллиард долларлик янги мис эритиш заводини барпо этиш бўйича ишлар ҳам бошланган.
Умуман, ушбу 2 та йирик қувват ҳисобига мис катоди ишлаб чиқариш йиллик ҳажми 148,5 минг тоннадан 300 минг тоннага, олтин 20 тоннадан 33 тоннага, кумуш 161 тоннадан 203 тоннага, молибден 850 тоннадан 1,7 минг тоннага етиши таъкидланди. Шу билан бирга, уран қазиб олиш ва кимё саноати учун зарур хомашё бўлган сулфат кислотасини ишлаб чиқариш 3 карра ошади.
Президент бу кўрсаткичларни яна 1,5 карра оширишга хизмат қиладиган 4-мисни бойитиш фабрикаси бўйича лойиҳаолди ишлар жадал кетаётганини қайд этиб ўтди.
Ўзбекистон 2030 йилга қадар ишлаб чиқаришни олтинда 175 тоннага, кумушда 500 тоннага, уранда 15 минг тоннага, мисда 500 минг тоннага етказишни мақсад қилган. Бу борада амалга оширилаётган 22 миллиард долларлик лойиҳалар доирасида яратиладиган 40 мингга яқин юқори даромадли иш ўринлари ёшлар учун катта имконият бўлади.
.jpg)
Давлатимиз раҳбари фабрикани қуришда фаол иштирок этаётган барча ишчи-ходимлар, қурувчи ва машинистлар, муҳандис ва технологлар, геолог ва кончилар, ўзининг тажрибаси ва касбий салоҳияти билан ёшларга устозлик қилаётган фахрийлар, лойиҳага ўз ҳиссасини қўшаётган хорижий ҳамкорларга чуқур миннатдорчилик билдирди.
.jpg)
Маросим якунида давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, фабрика фаолиятига старт берди.
Жамият
Жамият
Иқтисод
Жамият
Жамият
Жамият
77704
Жамият
56700
Жамият
55921
Жамият
50973
Жамият
//
Изоҳ йўқ