«UzAuto Motors» автомобилларни автомагнитоласиз етказиб беришини маълум қилди

Сақлаш
12:09 / 19.01.2022 1176 0

Компания ахборот хизмати хабар беришича, интеграл микросхемалар билан боғлиқ муаммолар ва етказиб берувчиларда ишлаб чиқариш узилиши сабабли, «UzAuto Motors» автомобиллари автомагнитоласиз етказиб берилади.

 

Хабарда айтилишича, микросхемалар етишмовчилиги «UzAuto Motors» компанияси учун ягона бўлган GM сертификатига эга автомагнитола ишлаб чиқарувчи «Humax» корхонасини ҳам четлаб ўтмади. Корея ишлаб чиқарувчиси автомагнитолани етказиб беришни номаълум муддатга тўхтатди.


«UzAuto Motors» компанияси автомобилларни етказиб бериш муддатининг узайиши, конвейерларнинг тўхтаб қолиши ҳамда ишчи ўринларнинг қисқаришини олдини олиш учун бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчилар томонидан бундай шароитларда амалда қўлланилган ягона тўғри қарорни қабул қилди – автомобилларни магнитоласиз ишлаб чиқариш.


Жорий йилнинг 19 январь кунидан аввал тузилган шартномалар бўйича Chevrolet Lacetti ва Cobalt автомобиллари «Humax» компанияси томонидан компонентларни етказиб беришдаги узилишлар сабабли, мижозларга магнитоласиз етказиб берилади.


Харидорнинг розилиги билан амалга оширилувчи ушбу мажбурий чоранинг қўлланилиши юзлаб истеъмолчиларга узоқ кутилган автомобилларни яқин орада етказилишини таъминлайди.


«Ушбу вазиятдан чиқиш учун магнитоласиз автомобиль харидорларига иккита вариант таклиф этилади:


– Ишлаб чиқарувчи томонидан магнитола қурилмаси ҳамда унинг ўрнатилиш харажатларининг қопланиши билан яқин орада ўз автомобилини магнитоласиз олиш. Хоҳишингизга кўра, бозордан ўзингизга ёққан хоҳлаган турдаги автомагнитолани «UzAuto Motors» расмий дилерларида ўрнатиш билан автомобилга берилган кафолатни йўқотмайсиз.


– Автомобилни кейинчалик текин қайта жиҳозлаш билан магнитоласиз олиб кетиш. Ишлаб чиқарувчи томонидан магнитола етказиб берилгандан сўнг, автомобилни қайта жиҳозлаш», дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//