Ўзбекистон Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти ташкил қилинади

Сақлаш
17:19 / 05.03.2026 11 0

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

 

Тадбирда фармацевтика соҳасига янги технологияларни олиб келиш, Big Pharma компанияларни жалб қилишга анча ҳаракат қилинайитгани айтиб ўтилди.

 

Бундай компаниялар ишлаб чиқаришини йўлга қўйишдан олдин «Ички бозорда дорилар сифати ва хавфсизлиги бўйича кучли назорат тизими борми?» деган савол қўяди.

 

Лекин биргина ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизда 57 мингдан зиёд номдаги рўйхатдан ўтмаган, контрафакт дорилар аниқланган. Ачинарлиси, қалбаки нусхаси кўпайгани учун нуфузли хорижий компаниялар 21 турдаги оригинал дориларни Ўзбекистонга олиб киришни тўхтатган.

 

Масъул идораларга гиёҳванд ва психотроп моддаларга қарши қандай курашилаётган бўлса, дориларнинг ноқонуний айланмаси бўйича ҳам худди шундай муросасиз курашиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.

 

Умуман, сифатсиз ва қалбаки дориларнинг олди-сотдиси бўйича жавобгарликни кескин кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш муҳим экани таъкидланди.

 

Бугунги кунда фармацевтика йўналишидаги 6 та илмий-тадқиқот институтида 300 дан зиёд олимлар фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, фармацевтика олийгоҳларини йилига 1 мингга яқин ёшлар тамомламоқда.

 

Лекин соҳада илм-фан билан саноат бир-биридан «узилиб» қолгани қайд этилди.

 

Шу муносабат билан Кимё-фармацевтика, Вакцина ва зардоблар ҳамда Шарқ табобати институтлари негизида Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти ташкил қилинади.

 

Ушбу институт «Тошкент фарма парк»да жойлашади ва олимларга бу ердаги корхоналар билан илмий тадқиқотларни ўтказиш учун шароит яратилади.

 

Бунинг учун парк ҳудудида клиниколди тадқиқотларини ўтказиш лабораторияси (виварий), синов-тадқиқотлар учун био ва кимё лабораториялари ташкил қилинади. Шунингдек, 250 ўринли халқаро клиник тадқиқотлар маркази ҳам барпо этилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//