Самарқандда Ўзбекистон–Венгрия учинчи ректорлар форуми ўтказилди

Сақлаш
15:57 / 05.03.2026 9 0

Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетида «Рақамли даврда олий таълим: сунъий интеллект, инновацион моделлар ва глобал рақобатбардош университетлар» мавзусида Ўзбекистон-Венгрия учинчи ректорлар форуми бўлиб ўтмоқда.

 

Форумда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Венгрия Ректорлар конференцияси президенти Бела Меркели, Венгриянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёжеф Рожа, Обуда университети ректори Левенте Ковач, шунингдек, икки мамлакатнинг етакчи олий таълим ташкилотлари раҳбарлари ва соҳа вакиллари иштирок этди.

 

Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилган бўлиб, 2017 йили имзоланган таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳукуматлараро битим асосида изчил ривожланиб бормоқда.

 

 

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 50 дан ортиқ олий таълим ташкилоти Венгриянинг 30 дан зиёд университет ва илмий-таълим ташкилотлари билан қарийб мингта ҳамкорлик келишувлари асосида ҳамкорликни амалга оширмоқда. Шунингдек, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, муқобил энергетика, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва экология каби соҳаларни қамраб олган 17 та қўшма стартап лойиҳалари амалиётга татбиқ этиляпти.

 

Форум доирасида таълим тизимига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, инновацион таълим моделларини ривожлантириш, университетлар ўртасидаги илмий тадқиқотлар, қўшма лабораториялар ташкил этиш, технологиялар трансфери ҳамда «университет-саноат» ҳамкорлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

 

Форум якунида Ўзбекистон ва Венгрия олий таълим муассасалари ўртасида 20 дан ортиқ янги ҳамкорлик шартномалари имзоланиши кутилмоқда. Ушбу келишувлар қишлоқ хўжалиги, муҳандислик, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, энергетика, тиббиёт ва педагогика каби устувор йўналишларда қўшма таълим ва илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.

 

Мазкур форум Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик академик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илмий тадқиқотлар ва инновацияларни ривожлантириш, шунингдек, глобал рақобатбардош университетлар экотизимини шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//