Транспорт вазирлиги: Яқин Шарқ давлатларидан 5 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қайтарилди

Сақлаш
16:31 / 04.03.2026 5 0

Яқин Шарқ минтақасида кескинлик кучайгани ортидан беш мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қайтарилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

 

Қайд этилишича, ҳудудда давом этаётган ҳарбий низо сабаб қатор давлатлар ҳаво ҳудуди вақтинча ёпилган. Шу сабаб Баҳрайн, Кувайт, Сурия, Ироқ, Эрон, Қатар, Исроил, Иордания, БАА ва Ливан ҳаво ҳудудлари орқали парвозлар турли муддатларга тўхтатилган.

 

Маълум қилинишича, 28 февралдан бошлаб Ўзбекистон шаҳарларидан Дубай, Шаржа, Мадина, Доҳа, Жидда, Тел-Авив, Теҳрон ва Кувайт йўналишларида амалга ошириладиган барча авиақатновлар бекор қилинган. Натижада 28 февраль—2 март кунлари Кувайт, Исроил, Саудия Арабистони, Қатар ҳамда БАА ҳудудларидан 1 681 нафар Ўзбекистон фуқароси парвоз қила олмаган.

 

Шавкат Мирзиёевнинг Форс кўрфази мамлакатларида қолиб кетган фуқароларни ватанга қайтаришни самарали ташкил этиш бўйича берган топшириғи асосида Транспорт вазирлиги томонидан резидент ва хорижий авиакомпаниялар билан аниқ режалар ишлаб чиқилди. Жараёнларни мувофиқлаштириш мақсадида “Ўзавиатсия” агентлигида 24/7 режимида ишлайдиган штаб ташкил этилди.

 

Шунингдек, қатор мамлакатлар ҳаво ҳудуди ёпиқ қолаётгани, вазият ўзгариб бораётгани ҳамда хорижий авиация ҳукуматлари билан ўтказилган музокаралар якунлари инобатга олиниб, авиакомпаниялар парвозларни амалга оширишда риоя қилиши лозим бўлган талаблар белгиланган.

 

Ҳозирда резидент ва норезидент авиакомпаниялар томонидан 2026 йил 28 февралгача жўнаб кетган йўловчиларни Ўзбекистонга қайтариш мақсадида махсус рейслар амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар мамлакат резидент авиакомпаниялари томонидан Мадина ва Жидда аэропортларидан 21 та рейс бажарилиб, улар орқали 4 948 нафар йўловчи, шунингдек Дубай шаҳридан 235 нафар фуқаро Ўзбекистонга олиб келинди.

 

Транспорт вазирлиги ушбу рейслар бўйича маълумотларни аниқлаштириш учун фақат авиакомпанияларнинг ваколатхоналари ҳамда уларнинг расмий веб-сайтларида кўрсатилган телефон рақамларига мурожаат қилишни тавсия қилди. Тушунмовчиликлар ва молиявий хавфларнинг олдини олиш учун текширилмаган воситачиларга мурожаат қилмаслик сўралмоқда.

 

Йўловчиларга ёрдам кўрсатиш мақсадида “Ўзавиатсия” агентлигининг cалл-маркази 24/7 режимида ишламоқда. Мурожаат учун телефон рақамлари: +998 (78) 120-00-72 ва +998 (71) 200-07-65.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//