Пойтахт кўчаларида йўл ҳаракатини яхшилаш бўйича «Долзарб 90 кунлик» ўтказилади

Сақлаш
13:19 / 01.03.2026 10 0

Жорий йилнинг 26 февраль куни Президент Администрацияси раҳбарининг Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказига ташрифи бўлиб ўтган эди.

 

Ташриф якунига кўра йўл инфратузилмасини бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча устувор йўналишлар ва аниқ вазифалар белгилаб олинган. Шу мақсадда шаҳар ҳокимлиги пойтахтдаги йўл ҳаракати ҳолатини яхшилашга қаратилган кенг кўламли тадбирлар мажмуасини амалга ошириш учун «Долзарб 90 кунлик» эълон қилди.

 

Бунда Президентининг қарори билан 2025 йил декабрь ойида пойтахт транспорт сиёсатини тизимли такомиллаштиришга йўналтирилган ихтисослаштирилган тузилма — Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази мутахассислари пойтахтнинг энг тирбанд бўлган 472 км автомобиль йўлларини аниқлаб, ишларни қуйидаги устувор йўналишларда олиб боради:

 

— йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича лойиҳа ечимларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;
— жамоат транспортига устуворлик бериш ва тегишли инфратузилмани яратиш;
— кўча-йўл тармоғи бўйлаб реклама конструкциялари ва бошқа ташувчиларни ўрнатишни тартибга солиш ҳамда назорат қилиш;
— автомобиль йўллари бўйида жойлашган мавжуд савдо шохобчаларини оптималлаштириш ва улар бўйича тартибли ечимлар ишлаб чиқиш;
— светофор объектлари ва йўл белгиларини ўрнатиш, модернизация қилиш ва янгилаш;
— йўл ҳаракатини ташкил этишнинг тасдиқланган схемалари асосида йўл чизиқларини такомиллаштириш;
— бекат мажмуаларини янгилаш ва алмаштириш;
— кўча-йўл тармоғида чуқурча ва карта усулида таъмирлаш ишларини олиб бориш;
— автотураргоҳ майдонини ривожлантириш ва тартибга солиш.

 

ЙҲТEМ ва шаҳар ҳокимлиги ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши пойтахт йўл-транспорт тизимидаги умумий вазиятга ижобий таъсир кўрсатишига, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари эса сезиларли ўзгаришларни ҳис қилишига ишонч билдирган.

 

Ишларнинг бажарилиши ва эришилган натижалар тўғрисида расмий алоқа каналлари орқали ҳар куни маълумот бериб борилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//