Шаҳмат бўйича халқаро турнир ғолиблари аниқланди

Сақлаш
15:11 / 23.08.2021 977 0

Пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида бир ҳафта давом этган шахмат бўйича ўзбекистонлик биринчи гроссмейстер Георгий Аъзамов хотирасига бағишлаб ўтказилган 14-анъанавий халқаро турнир ўз якунига етди. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди.

Беллашувнинг сўнгги 9-тур — якуний тур олдидан ғолибликка асосий даъвогар сифатида икки шахматчи – арманистонлик Шант Саргисян ҳамда ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев қаралаётган эди. 9-турда арманистонлик шахматчи қора доналарда ўйнашига қарамай ҳамюртимиз Жаҳонгир Воҳидов билан муросага эришди. Натижада у ўз очколари сонини 7 тага етказиб олди.

Нодирбек Ёқуббоев эса озарбайжонлик Мисратдин Искандаров билан куч синашиб, турнирни 5-ўринда якунлади.

9-турда тажрибали Марат Жумаевни қора доналарда мағлуб этган ёш, умидли шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов эса ўз очколари сонини 6,5тага етказган ҳолда 2-ўринни қўлга киритди. Кучли учликка эса худди шунча очко жамғарган тожикистонлик халқаро мастер Муҳаммад Хусенходжаев якун ясаб берди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳамда араб мамлакатлари шахмат федерацияси президенти, Шаржа шахмат ва маданият клуби президенти Шайх Сауд Абдулазиз Алмуалла иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов мусобақа юқори савияда ташкил этилгани, мусобақа давомида ҳакамларга нисбатан биронта ҳам эътироз бўлмагани, қолаверса ҳозирги пандемик шароитда Тошкентга 12та давлатдан кучли шахматчиларнинг келишгани – бу дунё шахмат оиласида Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган турнирга бўлган қизиқиш юқори эканлигидан дарак беришини алоҳида таъкидлади.

Мусобақа низомига кўра, халқаро турнир ғолиби бўлган арманистонлик Ш.Саргисян 5 минг АҚШ доллари, 2-ўрин соҳиби Н.Абдусатторов 3 500 АҚШ доллари, 3-ўринни эгаллаган М.Хусенходжаев эса 2 500 АҚШ доллари билан тақдирланди. Шунингдек, 4-ўриндан 15-ўрингача бўлган ўрин соҳиблари ҳам тегишли пул мукофотларига сазовор бўлди.

Энди шахматчиларни олдинда яна бир халқаро турнир – 24-29 август кунлари қўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида ўтадиган Соҳибқирон Амир Темур кубоги мусобақаси кутиб турибди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//