Германия ўзбекистонликларга логистика йўналишида иш таклиф қилмоқда

Сақлаш
13:23 / 06.05.2026 8 0

Германияда ишламоқчи бўлган ўзбекистонликлар учун транспорт ва логистика йўналишида янги бўш иш ўринлари эълон қилинди. Бу ҳақда Миграция агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

 

Қайд қилинишича, Германиянинг Мюнхен шаҳрида жойлашган корхоналарда ўзбекистонликлар учун 50 та иш ўрни таклиф этилмоқда. Номзодлар локомотив машинисти, хомашё юклаш оператори ва омбор логистика ходими лавозимларига ишга қабул қилинади.

 

Иш берувчи билан тузиладиган меҳнат шартномаси узоқ муддатли бўлиб, ойлик иш ҳақи 2 мингдан 3 минг еврогача миқдорни ташкил қилади. Турар жой иш берувчи томонидан таъминланади, озиқ-овқат харажатлари эса ишчи ҳисобидан қопланади.

 

Номзодлардан соҳа бўйича ўрта махсус ёки олий маълумот, иш тажрибаси ҳамда немис тилини билиш талаб этилади. Тил даражаси иш ўрнига қараб А2 дан Б2 гача бўлиши керак, номзодлар ёши эса 20 дан 45 ёшгача этиб белгиланган.

 

Таъкидланишича, жўнаб кетиш муддати 9 ойдан 12 ойгача давом этиши мумкин. Виза, авиачипта ва дипломни тан олдириш билан боғлиқ харажатлар номзод ҳисобидан амалга оширилади, бироқ иш бошлангач виза ва авиачипта харажатларининг бир қисми Миграция агентлиги томонидан қоплаб берилади.

 

Агентликка кўра, ишга жойлаштириш Talantum Group хусусий бандлик агентлиги орқали амалга оширилади. Меҳнат шартномаси бевосита иш берувчи билан тузилади ва хусусий бандлик агентлиги иш берувчи сифатида иштирок этмайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//