Ўзбекистонда учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Сақлаш
12:07 / 18.01.2022 772 0

Мудофаа саноати давлат қўмитаси тасарруфида Учувчисиз авиация мажмуаларини илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этилди, дея хабар берди қўмита матбуот хизмати.

 

Таъкидланишича, мазкур марказ томонидан халқаро техник талаб ва стандартларга тўлиқ жавоб берадиган «Лочин» номли учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. «Икки хил мақсадда фойдаланишга мўлжалланган мазкур миллий лойиҳа Марказий Осиёда илк бор Ўзбекистонда ўзлаштирилди ва йўлга қўйилди», – дейилади хабарда.

 

Қайд этилишича, марказ учувчисиз авиация мажмуаларини ишлаб чиқариш, йиғиш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш учун зарур йиғув жамланмалари, технологик ва махсус ускуналар, текшириш (тест лаборатория) мосламалари каби технологик жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. Мудофаа саноати давлат қўмитаси томонидан марказни ёш кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, етакчи хорижий давлатларда стажировкасини ташкил этиш ва малакасини ошириш йўли орқали учувчисиз авиация соҳасидаги мутахассис кадрлар билан бутлаш амалга оширилмоқда.

 

«Миллий бренд остида ишлаб чиқилган самолёт ва квадрокоптер туридаги «Лочин» учувчисиз учиш аппарати бир қанча мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган бўлиб, разведка қилиш, зарба бериш, реал вақт режимида кузатиш, маълумот олиш, артиллерия ўт очиш жараёнини бошқариш каби вазифаларни бажариш билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги, нефть ва газ, ўрмон хўжалиги, темир йўллар, геология, қидирув соҳаларида картография, топогеодезия, экинларни дефолиация қилиш, қўриқхоналарни, йўлларни, ижтимоий инфратузилма ҳамда муҳим объектларни кузатиб бориш ва бошқа мақсадларда фойдаланиш имкониятини беради», – дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//