Ўзбек илм-фани оғир жудоликка учради

Сақлаш
11:10 / 18.01.2022 1613 0

Ўзбек илм-фани оғир жудоликка учради. 

Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, Фанлар академияси академиги, ўзбек адабиётшунослигидаги йирик олим,  кўплаб шогирдларнинг устози Бахтиёр Аминович Назаров 2022 йил 18 январда 77 ёшида вафот этди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси хабар бермоқда.

 

Бахтиёр Назаров – 1945 йил 19 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, илмий котиб, директор, бўлим мудири, Ўзбекистон Фанлар академияси Бош илмий котиби ўринбосари, вице-президент вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

 

Бахтиёр Назаровнинг илмий изланишлари ХХ аср ўзбек адабиёти тараққиёти, хусусан, танқидчилик ва адабиётшунослик методологияси муаммолари, адабиёт назарияси ва адабий алоқа масалаларига бағишланган. Академик олим тадқиқотларида Фитрат, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов маҳорати масалалари ўрганилган. Ойбекнинг 20 жилдли «Мукаммал асарлар тўплам»ини нашрга тайёрлашда қатнашган.

 

Кўплаб монография, илмий тўплам, мақола ҳамда «Ўзбек адабиёти», «XX аср ўзбек адабиёти тарихи» каби қатор дарсликларнинг муаллифи ҳамда ҳаммуаллифларидан бири.

Oyina.uz жамоаси марҳумнинг оила-аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдиради.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//