Озарбойжонда ҳам болаларга ижтимоий тармоқларга киришни чеклаш таклиф қилинди

Сақлаш
09:46 / 29.01.2026 14 0

Озарбойжон парламентида болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тартибга солиш масаласи юзасидан парламент эшитувини ўтказиш таклифи берилди.

 

Ушбу таклиф билан депутат Ҳижрон Ҳусейнова ўзи раҳбарлик қилаётган Миллий Мажлиснинг оила, аёллар ва болалар масалалари қўмитаси йиғилишида чиқиш қилган. Мажлис давомида «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама этилган.

 

Депутатнинг таъкидлашича, Озарбойжонда ҳозирда болаларнинг ижтимоий тармоқларга эркин кириши масаласи тартибга солинмаган. У бир қатор мамлакатларда болаларнинг қайси фильмларни кўриши ва кўра олмаслиги масаласи ҳам тартибга солингани, шунингдек, вояга етмаганлар учун рухсат этилган медиа-контент бўйича қоидалар мавжудлигини қайд этган.

 

Ҳусейнова ушбу масала юзасидан тегишли давлат идоралари вакиллари иштирокида алоҳида парламент эшитувларини ўтказиш таклифини билдирган.

 

Худди шу мажлисда омбудсман Сабина Алиева Роблох онлайн ўйини масаласига ҳам тўхталиб ўтган ва бу платформага ҳам қатъий чоралар кўриш зарурлигини таъкидлаган.

 

Аввалроқ Францияда келаси ўқув йилидан бошлаб 15 ёшга тўлмаган болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши бутунлай тақиқланиши кутилаётгани хабар қилинганди.

 

Бундан ташқари Қозоғистон маданият ва ахборот вазири Аида Балаева ҳукумат йиғилишида 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини чеклаш кўриб чиқилаётганини билдирганди.

 

Австралия 2025 йилда дунёда илк бор 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаган эди. Шунингдек, Данияда ҳам 15 ёшдан кичиклар учун ижтимоий тармоқларни блоклаш бўйича келишувга эришилган (қонун 2026 йил ўрталарида кучга кириши мумкин).

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//