Аёлларга машина ҳайдашни ишонса бўладими? – Ўзбекистонда сўровнома ўтказилди

Сақлаш
17:28 / 26.01.2026 14 0

Ўзбекистонда «аёлларга машина ҳайдашни ишониб бўладими, йўқми?» мазмунида сўровнома ўтказилди.

 

Маълум бўлишича, респондентларнинг 61,4 фоизи «аёлларга машина ҳайдашни ишониб топшириб бўлмайди» фикрига қўшилмаслигини билдирган. Шунингдек, қатнашчиларнинг 6,5 фоизи ўз фикрини билдиришга қийналган бўлса, 32,1 фоиз респондент бунинг тўғри эканини тасдиқлаган.

 

Таъкидланишича, зўравонликка учраган аёлларнинг ҳар учдан бири «аёлларга машина ҳайдашни ишониб топшириб бўлмайди» деган фикрни қўллаб-қувватлаган.

 

Хўш, «аёллар автомобилни яхши ҳайдай олмайди» деган стереотипга илм-фан нима дейди?

 

Илмий тадқиқотлар машина ҳайдаш сифати ва хавфсизлигида туғма (биологик) жинсий фарқ йўқлигини кўрсатади. Яъни фарқлар жинсга эмас, ҳайдовчининг хулқ-атвори ва хавфга мойиллигига боғлиқ. Аксинча, эркаклар тезлиги юқори йўлларда, ёлғиз машина билан содир бўлган аварияларда, ёмғирли об-ҳавода ва қоронғи вақтда кўпроқ ЙТҲга учрайди.

 

Суғурта ва йўл ҳаракати хавфсизлиги маълумотларига кўра, аёллар тезликни ошириш, маст ҳолда ва агрессив ҳайдаш каби хавфли хатти-ҳаракатларга эркакларга қараганда камроқ мойил.

 

Илмий мақолалар ҳам аёлларнинг когнитив ёки мотор қобилиятлари машина ҳайдаш учун камроқ мос эканини кўрсатадиган ҳеч қандай илмий далил мавжуд эмаслигини тасдиқлайди.

 

Хабарда айтилишича, таълим, машғулот ва тажриба олиш имкониятлари тенг бўлганда, аёллар автомобиль ҳайдашнинг барча жиҳатларида эркаклар билан бир хил натижа кўрсатиши мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//