Спорт
Ўзбекистон Республикаси Президенти бугун, 26 январь куни Тошкентда бўлиб ўтаётган Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеясида иштирок этди.
Тадбирда етакчи халқаро ва минтақавий спорт ташкилотлари раҳбарлари ва вакиллари, жумладан, Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг биринчи витсе-президенти, Қатар Олимпия қўмитаси президенти Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги президенти Витолд Банка, Халқаро гимнастика федерацияси президенти Моринари Ватанабе, Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Жалуд, «World Boxing» ташкилоти президенти Геннадий Головкин, Халқаро чим устида хоккей федерацияси президенти Муҳаммад Тайяб Икром, Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид, Халқаро самбо федерацияси президенти Василий Шестаков, Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси бош котиби Гунилла Линдберг ва Африка Олимпия қўмиталари ассоциацияси президенти Мустафо Берраф ҳам қатнашди.
Шу билан бирга, ассамблея ишида Америка Қўшма Штатлари Президентининг махсус вакили Паоло Замполли, Россия Федерацияси спорт вазири Михаил Дегтярёв, Саудия Арабистони Подшоҳлиги спорт вазири Абдулазиз бин Туркий Ол Сауд, Қатар ёшлар ва спорт вазири Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Соний ҳамда бошқалар меҳмон бўлди.
Хабарга кўра, давлатимиз раҳбари ўз нутқида тобора кучайиб бораётган глобал зиддиятларга қарамай, спорт давлатлар ва халқлар ўртасидаги мулоқот, ўзаро англашув ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг универсал воситаси сифатида ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Президенти Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Сонийни Осиё Олимпия кенгаши президенти этиб сайлангани билан қутлаб, унинг юксак даражадаги касбий маҳорати, салмоқли халқаро тажрибаси ва нафақат Осиё қитъаси, балки бутун дунёда спорт ривожига қўшган улкан ҳиссасини урғулади.
Ассамблея ишида Ўзбекистоннинг Осиё Олимпия кенгаши билан кўп қиррали ҳамкорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Кенгаш Ижроия қўмитасининг 77-сессияси муваффақиятли ўтказилгани, республикамиз вакили Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президент этиб сайлангани ва 2029-йилги Ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш учун Ўзбекистон танлангани қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида ҳам сўз юритди.
Жумладан, уч босқичли «Президент Олимпиадаси» комплекс спорт мусобақалари тизими йўлга қўйилди, замонавий спорт инфратузилмаси, хусусан, Олимпия шаҳарчаси барпо этилди, юқори малакали спортчиларни саралаш ва тайёрлаш тизими кенгайтирилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда оммавий спорт ривожланиб, бугунги кунда 15 миллиондан ортиқ аҳоли мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланмоқда.
Таъкидланишича, халқаро ва Осиё спорт ташкилотлари Ўзбекистон миллий спорт федерациялари билан 20 дан ортиқ битим имзолаган.
Мисол учун, Халқаро оғир атлетика федерацияси Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Акбар Жўраев номидаги оғир атлетика спорт клубини замонавий илмий ёндашув асосида ривожлантиришга кўмаклашади. Бирлашган кураш дунёси ташкилоти эса Минтақавий спорт курашлари академиясини ташкил этади. Осиё волейбол конфедерацияси ҳам ҳар бир вилоятда 1 тадан волейбол бўйича спорт клубини бунёд этса, Чим устида хоккей халқаро федерациясининг техник кўмагида 2 та стадион қурилади.
Мамлакат етакчиси Ўзбекистоннинг ҳалол спорт тамойилига амал қилиш ва допингга қарши курашнинг қатъий тарафдори бўлиб қолишини қайд этди.
Тошкентда Марказий Осиё минтақавий антидопинг ташкилотларининг йиғилиши ва халқаро форум ўтказилаётгани бу борада муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб ўтди.
Президент Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан спорт соҳасида кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун очиқлигини тасдиқлаб, спорт дипломатиясини ривожлантириш ҳамда қўшма ташаббусларни илгари суришга тайёрлигини билдирди.
.jpg)
Тадбир якунида Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний олимпия ҳаракатини ривожлантириш, муҳим спорт ташаббусларини илгари суришга қўшаётган алоҳида ҳиссаси учун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг «Шон-шараф» ордени билан тақдирланди.
(1).jpg)
Жамият
Жамият
Спорт
Маданият
Жамият
Илм-фан
77564
Жамият
56626
Жамият
55824
Жамият
50890
Жамият
//
Изоҳ йўқ