«Чоштепа-2» археология ёдгорлигига жиддий зарар етказилгани айтилди

Сақлаш
09:52 / 26.01.2026 18 0

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти, Паяриқ туманида жойлашган «Чоштепа-2» археология ёдгорлиги ҳудудида оғир техника воситалари ёрдамида ноқонуний бузилиш ҳолатларига олиб борилаётгани юзасидан хабарлар тарқалди.

 

Маданий мерос агентлиги берган расмий муносабатга кўра, 24 январь куни Самарқанд вилояти маданий мерос бошқармаси мутахассислари томонидан «Чоштепа-2» археология ёдгорлиги ҳудудида ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш натижаларига кўра, ёдгорликда янги қонунбузарлик ҳолатлари аниқланмаган.

 

Агентлик ижтимоий тармоқларда 2026 йил 24 январь санасида тарқатилган маълумотлар аслида 2022 йил февраль ойида содир бўлган ҳолатларга тегишли эканини маълум қилди.

 

Хабарда ёзилишича, 2022 йил февраль ойида мазкур ёдгорлик ҳудудида оғир техника воситалари ёрдамида ноқонуний бузилиш ҳолатлари аниқланган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 265-сон қарори билан тасдиқланган методика асосида ўтказилган ҳисоб-китобларга кўра, ёдгорликка жами 4 млрд 573 млн 800 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланган ва бу бўйича тегишли далолатнома расмийлаштирилган.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан 2022 йил 5 апрелдаги 01-06/279-сонли расмий хат орқали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган ҳамда жиноят иши қўзғатилган.

 

Маълумот учун, «Чоштепа-2» археология ёдгорлиги I–VIII асрларга оид бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сон қарорига мувофиқ Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига 1128-рақам билан киритилган. Ушбу қарор асосида ёдгорлик Самарқанд вилояти маданий мерос бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи билан бириктирилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//