“Ҳокимлик фаолиятига халқнинг ўзи баҳо берсин” – Президент

Сақлаш
17:33 / 23.01.2026 7 0

Айни дамда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилдаги асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

 

Давлатимиз раҳбари кун тартибидаги масалаларга ўтишдан аввал 2025 йил якунларига қисқача тўхталди.

 

Ўтган бир йилда 366 минг оила камбағалликдан чиққани, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш соҳасида қилинган чоралар сабабли камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик эса 5,5 фоиздан 4,8 фоизга тушгани таъкидланди.

 

Қайд этилишича, туманларда ўтказилган ўрганишлар инфратузилма, турмуш даражаси, бизнес фаоллик, молиявий имкониятлар каби 20 та мезон асосида 37 та “оғир” туман аниқланди. Бундан ташқари, ҳар бир туман таҳлил қилиниб, камбағаллик даражаси юқори бўлган 903 та “оғир” маҳалла танлаб олинди. Камбағал оилаларнинг учдан бир қисми, ишсизларнинг 21 фоизи ҳам танлаб олинган 37 та туман ва 903 та маҳаллага тўғри келиши аниқлангани таъкидланди.

 

“Асосий кучни ушбу 70 та туман ва 1 мингта “оғир” маҳаллага йўналтирсак, республикада камбағаллик даражасини 3 фоиздан пасайтиришга эришамиз”, деди давлат раҳбари.

 

Таъкидланишича, маҳаллий бюджетга қайтадиган маблағ 2 карра кўпайтирилиб, ҳокимларга 4 триллион 200 миллиард сўм берилади. Эндиликда вилоят ҳокимлари “оғир” туманга 10 миллиард сўмдан, 903 та маҳалланинг ҳар бирига 1 миллиард сўмдан ажратади.

 

“Ҳокимлар эшитиб олсин: бу маблағлар инфратузилмани яхшилаш орқали камбағаллик ва ишсизликни 2 карра қисқартиришга хизмат қилиши шарт.

 

Ушбу туман ҳокимлари аҳолисига мурожаат қилади. Қайси маҳаллада нечта одамни ишли қилиб, қанча оилани камбағалликдан чиқаришини маҳаллама-маҳалла юриб тушунтиради.

 

Шунча маблағ бергандан кейин туман ҳокими халқнинг олдида масъулият олиб, жавоб берсин. Ҳокимликнинг фаолиятига халқнинг ўзи баҳо берсин”, деди Президент.

 

Ҳар бир туманда 5-10 та маҳаллани боғлайдиган 1-2 гектарли саноат зона ва кластерлар ташкил қилиниб, 100 минг нафар одам учун иш ўринлари яратилиши белгиланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//