“Даосда бинолар сақланган ҳолда, шаҳар муҳити шароитга мос равишда ривожлантирилаётганини кўрдим” – Президент “Эски шаҳар” дастурини ишлаб чиқишга топшириқ берди

Сақлаш
16:16 / 23.01.2026 13 0

Президент Шавкат Мирзиёев 23-январь куни Олмазор тумани Хастимом маҳалласи Зарқайнар кўчасида ташкил этилган туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

 

Қайд этилишича, Олмазор туманида ушбу салоҳиятни тўлиқ ишга солиш мақсадида 447 гектар ҳудудни қамраб олган лойиҳа амалга оширилмоқда. Унга кўра, 15 та маҳаллани ўзаро боғловчи туман аҳамиятидаги 6 та кўчада туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилади.

 

Мазкур лойиҳанинг бир қисми – Зарқайнар кўчасида бажарилган бунёдкорлик ишлари. Бу асрлар давомида шаклланган тарихий қиёфаси, миллий меъморчилик анъаналари ва ҳунармандчилик руҳи билан ажралиб туради.

 

 

Республика бюджетидан ажратилган 150 миллиард сўм ҳисобига бу ердаги 576 та хонадон миллий кўринишда таъмирланиб, маҳалла тарихий муҳитга уйғун қиёфа касб этди.

 

Давлат раҳбари янгиланган кўча бўйлаб юрар экан, миллий меъморий услубда таъмирланган хонадонлар, обод кўчалар ва аҳоли учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Шу ерда истиқомат қилаётган оилалар, туристлар, ҳунармандлар билан самимий суҳбатлашди.

 

 

“Биз туристлар учун шароит яратишни истаймиз, лекин бунинг асосини ҳам тўғри йўлга қўйишимиз керак. Масалан, ҳунармандчилик – миллийлигимизни ифодалайдиган асосий йўналишлардан бири. Шу боис ҳунармандлар маҳсулот ишлаб чиқариши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериш бизнинг вазифамиз. Малакали кадрлар тайёрлаш зарур. Шу мақсадда ҳунармандлар университетини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Биз тадбиркорлар билан учрашяпмиз, эндиликда ҳунармандлар билан ҳам алоҳида учрашувлар ташкил этамиз, деди Президент.

 

Шу ерда давлатимиз раҳбарига “Олмазор” инновацион ўсиш ҳудудини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган мастер-режа тақдимот қилинди.

 

“Ҳар бир кўча учун камида беш йиллик мастер режа ишлаб чиқиш зарур. Кеча Швейсариянинг Даос шаҳрида бинолар сақланган ҳолда, шаҳар муҳити шароитга мос равишда ривожлантирилаётганини кўрдим. Биз ҳам эски асраб-авайлашимиз, янада ривожлантиришимиз шарт. Шу мақсадда алоҳида “Эски шаҳар” дастурини ишлаб чиқиш зарур”, деди давлат раҳбари.

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//