Жамият
Ўзбекистонда 2026-йилдан беғараз қон донорлиги ҳаракатини ривожлантириш мақсадида ҳар ой “Бирга ҳаётни сақлаймиз” миллий донорлик аксияси ўтказилади. Бу ҳақда “2026–2030-йилларда қон билан ишлаш хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида белгиланди.
Мазкур аксия доирасида ҳар ойнинг 1 ҳафтаси мобайнида – қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида, ҳар ойнинг 3 ҳафтаси мобайнида – таълим, даволаш ва бошқа ташкилотларда қон донорлиги ташкил этилади. Ўзбекистон Қуролли Кучлари тизимига кирувчи вазирлик, идора ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ўртасида ҳар йили 1 маротаба донорлик кунлари ўтказилади.
Меҳнат жамоаларида донорлик кунларини ўтказиш йўлга қўйилади.
Умумий ўрта ва ўрта махсус, касбий ҳамда олий таълим ташкилотларида донорлик бўйича маънавий-маърифий тадбир ва учрашувлар ташкил этилади.
Шунингдек, туғруқда тиббий ёрдам кўрсатувчи ҳар бир муассасада қон ва унинг таркибий қисмлари шошилинч захираси ташкил этилиши ҳамда уни қон ва унинг таркибий қисмлари, жумладан, плазма ва эритроситар масса захираси билан таъминланиши белгиланди.
“Қарорга кўра, 2026-йил 1-октябрдан қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида қон маҳсулотлари хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш бўйича барча техник ва тиббий жараёнларни тартибга солувчи стандарт оператсион жараёнлар ҳамда хавфсизлик баённомалари жорий қилинади.
“Эҳтиёж – қайта ишлаш – етказиш” занжири доирасида бизнес жараёнларини бошқариш тизими жорий этилади. Қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида қон маҳсулотларини мажбурий тартибда икки босқичли скрининг текширувидан ўтказиш тизими йўлга қўйилади.
2027-йил 1-мартдан “Қон маҳсулотлари электрон ҳисобини юритиш” ахборот тизими жорий этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2026—2030 йилларда қон билан ишлаш хизматини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билан танишганида Ўзбекистонда қон билан ишлаш хизматини молиялаштириш учун 2026-йилда 308 миллиард сўм, 2026—2030-йилларда эса соҳани такомиллаштиришга жами 1,75 триллион сўм назарда тутилгани маълум қилинди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида ҳар минг нафар аҳолига қон топширишларнинг (донатсиялар) сонини 10 тадан 30 тагача ошириш, жами донатсияларнинг сонини 1 миллионтагача кўпайтириш орқали тайёрланадиган қон захирасини 150 минг литрдан 450 минг литрга етказиш, беғараз қон донорларининг сонини 300 минг нафардан 900 минг нафарга етказиш мақсад қилинган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда 2023-йил 130,6 тонна, 2024-йил 148 тонна ва ўтган 2025-йилда 153 тонна сифатли қон тайёрланган. Ўзбекистонда 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, вазни 50 килограммдан юқори, гемоглобин миқдори эркакларда 128, аёлларда эса 120 бўлган ҳар бир шахс донор бўлиши мумкин. Йилига ҳар бир шахс 4-марта қон топшириш имконига эга. Ҳар бир топширилган қоннинг максимал миқдори 450 миллилитрдан иборат бўлиши керак.
Жамият
Жаҳон
Жамият
Сиёсат
Жамият
77557
Жамият
56624
Жамият
55823
Жамият
50888
Жамият
//
Изоҳ йўқ