Ўзбекистон урбанизация даражаси бўйича Қозоғистонга тенглашмоқда

Сақлаш
16:42 / 21.01.2026 12 0

БМТнинг ҳисоботига кўра, Марказий Осиёда эса Ўзбекистон урбанизация даражаси бўйича иккинчи ўринга чиқиб, Қозоғистонга деярли етиб олди. Шу билан бирга, узоқ муддатли прогнозлар мамлакатда демографик манзара кескин ўзгаришини кўрсатмоқда.

 

2025-йил ҳолатига кўра, Марказий Осиёда йирик шаҳарлар аҳолиси улуши 41,1 фоизни, кичик ва ўрта шаҳарларда яшовчилар эса 41,6 фоизни ташкил қилмоқда. Минтақада қишлоқ аҳолисининг ўртача улуши 17,3 фоиз атрофида.

 

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон урбанизация даражаси бўйича ҳозирча иккинчи ўринда. Аҳолининг 43,8 фоизи йирик шаҳарларда, яна 43,4 фоизи кичик ва ўрта шаҳарларда яшайди. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Марказий Осиёда қишлоқ аҳолиси улуши энг кам бўлган давлат ҳисобланади — жами аҳолининг атиги 12,8 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилади.

 

Таққослаш учун, Қозоғистонда қишлоқ аҳолиси улуши 22,4 фоизни, Қирғизистонда эса 23,1 фоизни ташкил этади. Айни пайтда Қозоғистон урбанизация даражаси энг юқори давлат бўлиб қолмоқда: аҳолининг 45,3 фоизи йирик шаҳарларда яшайди.

 

БМТ таҳлилчиларига кўра, 2050-йилга бориб Ўзбекистон йирик шаҳарларда яшовчи аҳоли улуши бўйича 54,6 фоиз кўрсаткич билан Қозоғистонни (51 фоиз) ортда қолдиради. Шу билан бирга, Ўзбекистонда қишлоқ аҳолиси улуши кескин камайиб, бор-йўғи 8,7 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

 

Аксинча, Қозоғистонда қишлоқ аҳолиси улуши 18,7 фоизга етиб, у ҳатто Қирғизистондан ҳам юқори бўлиши кутилмоқда. Бу эса Қозоғистонни минтақадаги энг “қишлоқлашган” давлатга айлантириши мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//