Жамият
“Ер гўзали — 2025” халқаро кўрик-танловида Ўзбекистон байроғи ва герби тасвирланган либосда қатнашган 21 ёшли модель Шаҳризода Мадаминова жаримага тортилди.
Суд қарорида ёзилишича, суд мажлиси 2026-йил 19-январь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида тергов судьяси М.Ахмедов раислигида бўлиб ўтган.
Қарорда таъкидланишича, Шаҳризода Мадаминова 2025-йилнинг октябрида Филиппин пойтахти Манила шаҳрида ўтказилган “Ер гўзали — 2025” кўрик-танловида Ўзбекистон давлат байроғи ҳамда герби тасвирланган либосда қатнашганлиги ва уларни кийиб тушган суратларини Инстаграм’даги саҳифасига жойлаганлиги юзасидан фуқаро Н.Жониқуловнинг аризасига асосан, маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Судда қатнашган аризачи Н.Жониқулов модель Шаҳризода Мадаминованинг Ўзбекистон қонунларига зид ҳолда кийим-бошдан фойдаланганини маълум қилиб, суддан унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Суд мажлисида Шаҳризода Мадаминова айбига қисман иқрорлик билдириб, 2025-йил 28-октябрь куни Филиппин пойтахти Манила шаҳрида 25 йилдан буён дунё бўйлаб ўтказиб келинаётган “Ер гўзали — 2025” кўрик-танловида қатнашгани, мазкур танлов учун Ўзбекистон байроғи ва гербидан илҳомланиб, либос тиктирганини айтган. У ушбу либосда давлат байроғидаги ранглар кетма-кетлиги мавжуд бўлса-да, бироқ ярим ой ва 12 юлдуз йўқлигини таъкидлаб, суддан ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраган.
Шаҳризода Мадаминованинг айби ишда тўпланган ҳужжатлар, яъни далолатнома, тарафлардан олинган тушунтириш хатлари, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома ва бошқа ҳужжатлар билан тўлиқ ўз тасдиғини топгани қайд этилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, суд унинг содир этган ҳаракатлари юридик квалификациясини муҳокама қилиб, дастлабки суриштирув органи томонидан унинг ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 203−1-моддаси 1-қисми (Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг давлат байроғи, давлат герби ёхуд давлат мадҳияси тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари билан тўғри малакаланган деб ҳисоблаган.
Суд қарорига кўра, Шаҳризода Мадаминова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 203−1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди. У 824 минг сўм (БҲМнинг 2 баравари) миқдорда жаримага тортилди.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
77552
Жамият
56620
Жамият
55817
Жамият
50886
Жамият
//
Изоҳ йўқ