Тошкентда ҳинд тилида ёзилган реклама пешлавҳаси олиб ташланди

Сақлаш
07:01 / 21.01.2026 6 0

Ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат тиббиёт университети яқинида ҳинд тилида ёзилган реклама пешлавҳаси ўрнатилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ҳолат пойтахт ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди.

 

Текширув давомида реклама пешлавҳаси белгиланган тартибда рухсат ҳужжатларисиз, яъни ноқонуний ўрнатилгани аниқланди. Шунингдек, унда ахборот бериш қоидаларига риоя этилмаган бўлиб, “Давлат тили тўғрисида”ги қонун ҳамда “Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари бузилгани қайд этилди.

 

Амалдаги қонунчиликка кўра, реклама ахборотлари Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида бўлиши шарт. Зарурат бўлса, бошқа тилларда ҳам берилиши мумкин, бироқ бу ҳолатда ҳам давлат тилидаги матннинг устуворлиги сақланиши ва реклама материаллари қонуний тартибда жойлаштирилиши лозим.

 

Аниқланган қоидабузарликлар асосида ноқонуний ўрнатилган реклама пешлавҳаси белгиланган тартибда демонтаж қилинди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги тадбиркорлик субъектларини реклама пешлавҳалари, баннерлар ва ташқи ахборот воситаларини жойлаштиришда рухсат бериш тартиби ҳамда давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этишга чақирди.

 

Бундай қоидабузарликлар аниқланган тақдирда реклама материаллари демонтаж қилинади ва масъулларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//