«Ичан-Қалъа»да  21 млрд сўмдан ортиқ пул ажратилган кўчалар сифатсиз таъмирлангани аниқланди

Сақлаш
16:57 / 17.01.2022 1132 0

Ижтимоий тармоқларда «Ичан-Қалъа» атрофидаги кўчаларда таъмирлаш ишлар сифатсиз бажарилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги расмий муносабат билдирди.

 

Маълум қилинишича, Хива шаҳрида «Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданият форумига тайёргарлик кўриш мақсадида Хива шаҳар «Ичан-қалъа» маҳалласи ҳудудида муҳандислик коммуникациялари алмаштирилиб, асосий туристик йўналишдаги йўлларга ётқизилган бетон плиталар ўрнига табиий тош ётқизиш ишлари олиб борилган.

 

Маҳалла ички кўчаларига табиий тош ётқизиш ишлари бўйича лойиҳа ҳужжатлари 2021 йилнинг 16 ноябрь куни Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг 31-сонли мажлис баёнига асосан маъқулланган. Ҳозирги кунга қадар «Ичан-Қалъа» маҳалласининг ички кўчаларига табиий тош ётқизиш ишларини бажариш учун хусусий тадбиркор ҳисоб рақамига 21 млрд. 269 млн. сўм пул маблағлари ажратилган бўлиб, ушбу ишларни назорат қилиш бўйича Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инженеринг компаниясидан масъул ходим ажратилган.

 

Юқоридаги  ҳолат юзасидан Хоразм вилояти Маданий мерос бошқармаси вакиллари, Хоразм вилояти қурилиш соҳаси ҳудудий назорат инспекцияси инспекторлари ҳамда хусусий тадбиркор ва тегишли мутахассислар иштирокида кўчалар ўрганиб чиқилган. Ўрганиш давомида кўчанинг 42 кв.метр қисми нотекис ва сифатсиз бажарилгани аниқланган.

 

Хусусий тадбиркор Б.Х. 42 кв.метр йўлга нотекис ва сифатсиз табиий тош ётқизиш ишларининг сабаби сифатида ҳудудда янги ишчилар иш бошлагани, уларни ўз вақтида назорат қилмаганини келтириб ўтган.

 

«Ишчи гуруҳ томонидан хусусий тадбиркорга нотекис ва сифатсиз бажарилган 42 кв.метр табиий тош ётқизилган қисмини бузиб олиб қайтадан ётқизиш тушунтирилди. Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инженеринг компанияси техник назоратчи ходимига олиб борилаётган табиий тош ётқизиш ишларини лойиҳа смета ҳужжатларига асосан олиб бориш бўйича қўшимча кўрсатмалар берилди», дейилади хабарда.

 

Шунингдек, ишларнинг сифати қониқарсизлиги сабабли «Юксалиш Ўзгариш» МЧЖга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//