«Метан заправкалар» фаолиятига вақтинча чеклов киритилди

Сақлаш
10:10 / 20.01.2026 10 0

Ҳаво ҳарорати пасайиши сабабли «метан заправкалар» фаолиятига вақтинча чеклов киритилди, деб хабар берди Энергетика вазирлиги.

 

Қайд этилишича, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида энергетика тизими 24 соатлик кучайтирилган иш режимида фаолият юритмоқда. Ҳудудларда ишларнинг бориши доимий назоратда бўлиб, юзага келаётган носозликлар зудлик билан бартараф этилмоқда.

 

Ахборот матнида қайд этилишича, ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ортидан табиий газга бўлган талаб ошгани туфайли айрим ҳудудлардаги қувурларда газ босимининг пасайиши кузатилган.

 

Аҳоли хонадонлари, тиббиёт ва таълим муассасаларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш устувор вазифа саналишини таъкидлаган вазирлик шу сабабли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари «метан заправкалар» фаолиятига вақтинча чеклов киритилганини маълум қилди. Ушбу чоралар фақат совуқ кунларда аҳоли учун барқарор таъминотни таъминлашга қаратилган бўлиб, вазият барқарорлашиши билан чекловлар бекор қилинади.

 

Ҳудудлардаги вазиятга қараб қўшимча маълумот тақдим этилиши, шу билан бирга, аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи ҳамда жамоат транспорт воситалари учун газ таъминоти чекловларсиз, барқарор тарзда таъминланиши таъкидланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//