Трамп Шавкат Мирзиёевни Ғазо Тинчлик кенгашига таклиф этди

Сақлаш
16:42 / 19.01.2026 13 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трампдан Яқин Шарқда тинчликни мустаҳкамлаш ва можароларни ҳал этиш бўйича халқаро ташаббусга қўшилиш бўйича расмий таклиф келиб тушди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

 

Мактубда қайд этилишича, ушбу ташаббус 2025 йил 29 сентябрда эълон қилинган ва жаҳон етакчилари томонидан қўллаб-қувватланган, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2025 йил 17 ноябрдаги 2803-сонли резолюцияси билан маъқулланган Ғазодаги можарони тугатиш бўйича комплекс режага асосланади.

 

Ташаббуснинг асосий мақсади – узоқ муддатли тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни шакллантириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр бўлган давлатларни бирлаштиришга қаратилган янги халқаро тузилма - Тинчлик кенгашини тузишдан иборат.

 

Хабарга кўра, Ўзбекистон Республикасига Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилиш таклиф этилган.

 

Шавкат Мирзиёев америкалик ҳамкасбига жавоб мактубини йўллаб, унда Ўзбекистон Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилишга тайёрлигини билдирган.

 

Давлат раҳбари ўз мактубида ушбу ташаббусга Яқин Шарқдаги кўп йиллик низоларни ҳал этиш, кенг минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида қаралаётганини таъкидлаган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//