Абхазияда Ўзбекистон фуқароси кекса аёлни ёнғиндан қутқариб қолди

Сақлаш
15:36 / 16.01.2026 4 0

Ўзбекистон фуқароси Фахриддин Суяров Абхазияда Иккинчи жаҳон уруши фахрийси бўлган кекса аёлни ёнғиндан қутқариб қолди. Бу ҳақда Гагра тумани маъмурияти хабар берди.

 

Ҳодиса 11-январь куни юз берган. Гагра шаҳридаги беш қаватли уйдаги хонадонлардан бирида ёнғин чиққан. Фахриддин Суяров хонадонга кириб, мустақил ҳаракатлана олмайдиган аёлни кўтариб чиққан.

 

“Хавфга қарамасдан, у тутун босган хонага кириб, жабрланувчини хавфсиз жойга олиб чиқди”, — дейилади хабарда.

 

Қутқарувчилар етиб келгач, қўшни икки хонадонда яшовчиларни, жумладан икки нафар болани эвакуация қилган. Ёнғинда ҳеч ким жабрланмаган. Аммо хонадон балкони тўлиқ ёниб кетган, қолган хоналар эса қора қурум билан қопланган.

 

15-январь куни Гагра тумани маъмуриятида Фахриддин Суяров билан учрашув ўтказилиб, у жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун миннатдорлик мактуби ва пул мукофоти билан тақдирланди.

 

“Қийин вазиятда одамларга ёрдам беришга тайёрлиги ва жасорати учун самимий миннатдорлик билдирамиз. Бундай амаллар — ҳақиқий фуқаролик жасоратининг ёрқин намунасидир!” — дейилади туман маъмурияти хабарида.

 

Маҳаллий ОАВлар аниқлик киритишича, Фахриддин Суяров — Ўзбекистон фуқароси. Хабарларда бошқа тафсилотлар келтирилмаган. Фахриддин Суяров қачондан буён Гаграда яшаши ва нима иш қилиши очиқланмаган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//