Россиялик телебошловчи Марказий Осиёни «бизнинг Осиё» деб атади

Сақлаш
09:24 / 12.01.2026 10 0

Россиялик телебошловчи Владимир Соловьёв Арманистон ҳамда Марказий Осиё Россия учун Сурия ёки Венесуэладан кўра анча муҳим эканини айтиб, уларни йўқотиш Москва учун «улкан муаммо» бўлишини таъкидлади.

 

Хабарга кўра, журналист бу ҳудудларда ҳам Украинада бўлгани каби «махсус ҳарбий операция» ўтказишга чақирган.

 

«Ўз мақсад ва вазифаларимизни жуда аниқ шакллантиришимиз керак. Очиқ айтишимиз лозим: ўйинлар тугади. Халқаро ҳуқуқ ҳам, халқаро тартиб ҳам биз учун аҳамиятсиз. Агар миллий хавфсизлигимиз учун Украина ҳудудида махсус ҳарбий операцияни бошлаш зарур бўлган бўлса, худди шу мулоҳазалардан келиб чиқиб, нима учун биз ўз таъсир зонамиздаги бошқа ҳудудларда ҳам махсус ҳарбий операцияларни бошлай олмаслигимиз керак?» деган Соловьёв.

 

У бу сўзларни Соловьёв LIVE дастурида айтган. Унинг фикрича, Россия ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида «яқин хориж» ҳудудларига эътибор қаратиши зарур.

 

Шунингдек, журналист Арманистондаги жараёнлар Москва учун Венесуэлада содир бўлаётган воқеалардан анча оғриқлироқ эканини урғулаган ва бу мамлакатни йўқотиш Россия учун улкан муаммо бўлишини таъкидлаган.

 

Соловьёв нутқи давомида Марказий Осиёни «бизнинг Осиё» деб атаган ва мазкур минтақада юзага келиши мумкин бўлган муаммолар Россия миллий хавфсизлигига жиддий хавф туғдиришини иддао қилган.

 

У ўз чиқишида Россия раҳбариятини халқаро ҳуқуқ ва халқаро тартиб масалаларини эътиборсиз қолдиришга чақириб, «ўйин тугагани»ни айтган.

 

«Ўз миллий доктринамизни шакллантириб, аниқ айтишимиз керакдир: таъсир зонамиз қаерларгача чўзилади? Шунда ҳаммаси равшан бўлади. Ҳаммаси тушунарли бўлади. «Чўчқаларга марварид сочиш»ни тўхтатишимиз ва Европада нима деб ўйлашларининг бизга фарқи йўқлигини очиқ айтишимиз керак», деган у.

 

Бундан ташқари, Владимир Соловьёв Россия «украиналикларга нисбатан шафқат қилишни тўхтатиш кераклиги»ни ҳам таъкидлаган. У «урушнинг дастлабки ҳафталаридаёқ шафқатсиз чоралар кўрилганида, можаро тезроқ якунланган ва камроқ талафот берилган бўлиши»ни иддао қилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//