Телеграм орқали гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланганлар ушланди

Сақлаш
10:22 / 05.01.2026 29 0

ИИББ Телеграм бот орқали гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар савдоси билан шуғулланган уч киши қўлга олинганини маълум қилди.

 

Хабарга кўра, Юнусобод туманида 28 ёшли А., 24 ёшли Ш. ва Т. исмли шахслар махсус Телеграм ботни бошқариб келаётгани аниқланган. Улар қўлга олинганда ёнларидан 4 та телефон, 3 та ноутбук, 12 та турли хилдаги банк пластик карталари, 11 та СИМ-карта, шунингдек, қоғозга ўралган гиёҳвандлик моддалари топилган.

 

«Гумонланувчи А. ҳамда Ш. нинг телефони кўздан кечирилганда хорижий ҳамда бошқа электрон криптоҳамёнлар орқали 95 мингга яқин транзаксиялар амалга оширилгани ва умумий ҳисобда 2 млн 375 минг долларга тенг бўлган миқдордаги криптоактивлар айланмаси амалга оширилгани маълум бўлган», дейилади хабарда.

 

Тезкор қидирув тадбирлари натижасида холислар билан гумонланувчи А.нинг хонадони ҳам кўздан кечирилган. Якунда, унинг яшаш манзилидан 550 дона кучли таъсир қилувчи дори топилган.

 

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 278−8-(Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш), 243-(жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ва 251−1-моддалари (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//