Жамият
Жамият
Фанлар академияси жамғармаси тузилади
Илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш олимларни жалб қилиш ва стратегик аҳамиятга эга илмий йўналишларни барқарор молиялаштириш мақсадида Фанлар академияси жамғармаси ташкил этилади.
Жамғармаларга қўшимча даромад топишга рухсат берилади
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳузуридаги жамғармалар ва маҳаллий бюджетлар қўшимча манбалари маблағларининг бўш турган қисмини аукцион орқали тижорат банкларида депозитга қўйиш ҳисобига қўшимча даромад топишга рухсат берилади.
Туман (шаҳар)лар бюджетлари харажатларини камайтиришга йўл қўйилмайди.
Туман (шаҳар)лар ҳокимлари ўринбосарига қўшимча вазифа юклатилади
1 январдан туман (шаҳар)лар ҳокимларининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида туман (шаҳар)лар ободонлаштириш бошқармалари бошлиғи ҳисобланади.
ҚҚСдан тушган тушумларнинг бир қисми маҳаллий бюджетларга ўтказилади
ҚҚСдан тушган тушумлардан Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига 5 фоиз ва қолган ҳудудлар маҳаллий бюджетларига 20 фоиз ўтказилади.
Бундан ташқари, қуйидагилар ҳам маҳаллий бюджетларга ўтказилади ва қўшимча манба сифатида фойдаланилади:
➖ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни тўғридан-тўғри ижарага беришдан Давлат бюджетига ўтказилиши белгиланган маблағлар;
➖ деҳқон бозорлари, ихтисослаштирилган ва буюм бозорларидан республика бюджетига тушган солиқлар.
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш тартиби ўзгаради
Суғурта ҳодисалари юзага келганда суғурталанган шахсларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тайинланади.
Бунда тўловлар қуйидаги шартларга асосан тасдиқланади:
▪️ давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни олиш ҳуқуқи қуйидаги даврлардан бирида юзага келганда;
▪️ ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш учун камида 10 ой, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини олиш учун камида 6 ой суғурта стажи мавжуд бўлса.
Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа миқдорини ҳисоблашда суғурталанган шахснинг суғурта стажига мутаносиб равишда ўртача ойлик иш ҳақига ҳисоблаб чиқилади.
Паралимпия спорт турлари бўйича республика терма жамоаларини шакллантириш тартиби ўзгаради
Паралимпия спорт турлари бўйича республика терма жамоаларини шакллантиришнинг қуйидаги янги тартиби жорий этилади:
▪️ спортчиларнинг тегишли спорт мусобақаларидаги натижалари билан бирга спорт нормативларини бажариши натижаси ҳам инобатга олинади;
▪️ спорт терма жамоалари спорт нормативларига мувофиқ шакллантириладиган паралимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси чемпионати ёки кубоги ўтказилиши мажбурий ҳисобланмайди;
▪️ «ЭРП-спорт» электрон бошқарув тизимида паралимпия спорт турлари билан шуғулланаётган спортчиларнинг спорт натижалари киритиб борилади ва уларнинг спорт нормативларини бажариши устидан мониторинг юритиш учун зарур техник имкониятлар яратилади.
Шунингдек, Паралимпия терма жамоалари маркази ташкил этилади.
«Келажак» марказларида ўқиганлик учун ота-оналар бадали тўлови миқдорлари ўзгаради
Қарорга кўра, «Келажак» марказларида ўқиганлик учун ота-оналар бадали тўлови ойига БҲМга нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланди:
▪️ Тошкент шаҳрида – 30 фоиз;
▪️ вилоятлар марказларида – 25 фоиз;
▪️ республиканинг қолган туман (шаҳар)лари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ва Хоразмнинг Урганч шаҳарларида – 15 фоиз;
▪️ Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмнинг қолган туман (шаҳар)ларида – 10 фоиз.
Ягона QR код жорий қилинади
Барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар томонидан электрон тўловларни қабул қилиш учун ягона QR код жорий қилинади.
Шу билан бирга, барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар томонидан банкларда генерация қилинган ягона QR код орқали электрон тўловларни қабул қилиш йўлга қўйилади.
Коррупцияга қарши барқарорлик даражасини диагностикадан ўтказиш тизими жорий этилади
2026 йил 1 январдан коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг раҳбар ва масъул ходимлари ҳамда ушбу лавозимларга номзодлар диагностикадан ўтказилади.
Айрим ҳудудларда кадрлар ротацияси тизими жорий этилади
«Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)» мақомидаги 33 та туман (шаҳар)да фаолият юритувчи давлат органларида кадрлар ротацияси тизими жорий этилади.
Бунда республика ижро этувчи ҳокимият органларининг туман (шаҳар) бўлинма раҳбари ҳамда туман (шаҳар) ҳокими ва унинг ўринбосарлари ҳар 5 йилда, қоида тариқасида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри доирасида бошқа туман (шаҳар)га ротация қилинади.
Хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳалари молиявий қўллаб-қувватланади
«ҲАМРОҲ» тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури (Дастур) доирасида хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор қўшимча инструментлар жорий этилади.
Солиқ муносабатларини ташкил этишда янгича ёндашув қўлланади
«Очиқ бюджет» порталида жисмоний шахслар томонидан тўланган солиқлар ҳисобидан амалга ошириладиган бюджет харажатлари маълумотларини ўзида акс эттирувчи «Жисмоний шахсларнинг солиқлари ҳисобидан харажатлар» модули ишга туширилади.
Жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулкларни ижарага беришдан олинган даромад бўйича тўланган солиқ тўлиқ миқдорда мулк жойлашган туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларига йўналтирилади.
«Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла» номинацияси жорий этилади
1 январдан «Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла» номинацияси жорий этилади. Бунда ғолибларни аниқлаш бўйича бир нечта мезонлар қўйилади. Ғолиблар эса рағбатлантирилади.
Айрим ташкилотларга кириш тартиби ўзгаради
Қўриқловга олинган банклар, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа объектларнинг фуқаролар кириш ва чиқиш жойларига босқичма-босқич шахснинг юзини таниб олиш имкониятига эга техник воситалар ўрнатилади.
«Бюрократияни бартараф этиш – 2030» дастури ишга туширилади
Дастурнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
🔹 давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланиш орқали фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш;
🔹 ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш ва жараёнларнинг шаффофлигини ошириш орқали суиистеъмолчилик хавфини камайтириш.
ЯТТларга фирма номига эга бўлишга рухсат берилади
«Бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тамойили доирасида ЯТТларга фирма номига эга бўлишга рухсат берилади.
Шунингдек, тадбиркорларнинг бирламчи маълумотлари ўзгарганда ушбу маълумотлар бўйича ўзгартиришлар ЯТТ гувоҳномасига, лицензия, рухсатнома ва хабарномаларга автоматик тарзда бепул киритилади.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасига қўшимча лавозим киритилади
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасига қўшимча маслаҳатчи-элчи – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозими киритилади.
Унинг зиммасига Ўзбекистон ва АҚШда йирик ва стратегик инвестиция ва савдо лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича тўғридан-тўғри ташаббус кўрсатиш ва муҳокама қилиш вазифаси юклатилади.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимларига қўшимча имтиёзлар тақдим қилинади
Давлат тиббиёт муассасаларининг тиббиёт ва фармацевтика ходимларига қуйидаги қўшимча имтиёзлар берилади:
🔹 давлат тиббиёт муассасаларида камида 3 йил иш стажига эга бўлган ходимларга Давлат бюджети ҳисобидан 1 йилда 1 маротаба бепул юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш;
🔹 давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган ходимларга 1 йилда 1 маротаба республика ҳудудидаги санаторийларга бепул йўлланма бериш;
🔹 барча турдаги давлат хизматлари учун тўловлар миқдорини 2 баробар камайтириш.
Давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими ўзгаради
Давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими 5 кунлик иш ҳафтасига ўтказилади.
Бунда тиббиёт муассасалари иш фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш учун байрам ва дам олиш кунлари навбатчилик асосида ишлаш йўлга қўйилади.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари молиявий қўллаб-қувватланади
2026 йилдан давлат тиббиёт муассасалари ходимлари Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан ҳар йили меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида рағбатлантирилади.
Кам учрайдиган айрим касалликларга чалинган болаларга ёрдам кўрсатилади
Кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган 18 ёшдан 21 ёшгача бўлган беморлар бепул тиббий кузатувда бўлади ва даволаниш ишлари давом эттирилади.
АҚШ фуқаролари учун Ўзбекистонга киришда визасиз режим жорий этилади
1 январдан Америка Қўшма Штатлари фуқаролари учун Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан бошлаб 30 кунгача муддатга визасиз режим белгиланади.
5 май «Касб ва меҳнат куни» сифатида нишонланади
2026 йилдан бошлаб 5 май куни «Касб ва меҳнат куни» сифатида ҳар йили кенг нишонланади ҳамда унинг доирасида жамоатчилик, айниқса, ёшлар орасида касблар жозибадорлигини ошириш ва касбий таълимни оммалаштиришга қаратилган тадбирлар тизимли равишда амалга оширилади.
«А1» кичик миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилади
«А1» кичик тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берадиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларга ҳайдовчиларни тайёрлаш мажбурий ўқув дастурини ўтамасдан туриб, тўғридан-тўғри назарий ва амалий имтиҳонларни топшириш ҳуқуқи берилади.
Маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий қилинади
Республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилади.
Айрим ташкилот бинолари энергия самарадорлик тамойиллари асосида қурилади
Барча давлат идоралари ва ижтимоий соҳа муассасалари бинолари фақат энергия самарадорлик тамойиллари асосида қурилади ва модернизация қилинади.
Чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режими жорий этилади
Айрим турдаги чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадларини жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилишни назарда тутувчи чет эл фуқароларининг даромадларини солиққа тортишнинг махсус солиқ режими жорий этилади.
Ер соҳасидаги коррупсион омилларнинг олдини олиш чоралари натижадорлиги оширилади
Махсус ваколатли давлат органларининг ер қонунчилигига риоя қилмаслик, жумладан, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, уларга тегишли чоралар кўришга оид вазифалари фақатгина «E-ЕР НАЗОРАТ» тизими орқали амалга оширилади.
Таълим жараёни билан боғлиқ давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ўзгаради
Ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларида таълим жараёни билан боғлиқ давлат хизматлари Ягона портал орқали кўрсатилади.
Жамият
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
77483
Жамият
56580
Жамият
55766
Жамият
50845
Жамият
//
Изоҳ йўқ