Учта шаҳарда Фанлар академиясининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади

Сақлаш
14:45 / 29.12.2025 12 0

Президент қарори билан Фанлар академияси фаолияти такомиллаштирилади.

 

Жумладан, қарорда қуйидагилар назарда турилган:

▪️ янги илмий ишланмалар сони ва тижоратлаштиришдан олинадиган маблағлар ҳажмини 3 бараварга ошириш;

 

▪️ илмий ходимлар таркибида ёшлар улушини 60 фоизгача ошириш;

 

▪️ хорижий мамлакатларда фаолият кўрсатаётган илмий диаспорани Ўзбекистон илм-фанига реинтеграция қилиш.

 

Қарорга кўра, Фанлар академиясининг янги ишланмаларини тижоратлаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Фан ва саноат интеграцияси кенгаши ташкил этилади.

 

2026 йилдан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги барча илмий лойиҳаларнинг сифатини ошириш мақсадида уларни илмий экспертизадан ўтказиш бўйича илмий-техник кенгашлар таркибига Фанлар академияси таклифига асосан ҳамраис номзоди киритилади.

 

2026 йил 1 январдан илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш олимларни жалб қилиш ва стратегик аҳамиятга эга илмий йўналишларни барқарор молиялаштириш мақсадида Фанлар академияси жамғармаси ташкил этилади.

 

2026 йил 1 апрелдан эса Фанлар академияси ўз тизимидаги илмий муассасаларда хорижий экспертларни жалб этган ҳолда илмий ходимлар фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КПИ) ва илмий муассасалар фаолият самарадорлигини баҳолаш бўйича рейтинг тизимини жорий этади.

 

Шунингдек, Қарорга кўра:

✔️ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамда Инновацион ривожланиш агентлигининг Халқаро молекуляр аллергология марказини Фанлар академияси тизимига ўтказиш;

 

✔️ ҳудудларда илм-фанни ривожлантириш ва ёшларни илм-фанга кенгроқ жалб қилиш мақсадида Наманган, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида Фанлар академиясининг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш;

 

✔️ Халқаро илм-фан кенгашининг Марказий Осиё минтақавий офисини ташкил этиш;

 

✔️ Фанлар академияси ҳузуридаги Миллий археология марказини Антропология институти деб қайта номлаш белгиланди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//