Президент ёшларнинг спорт ва фан олимпиадаларидаги ютуқлари ҳақида гапирди

Сақлаш
11:41 / 26.12.2025 16 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси бошланди. Унда Президент илм-фан ва спорт соҳасидаги ютуқларга ҳам тўхталиб ўтди.

 

«Энг муҳим ютуқларимиз ҳақида сўз юритганда, азму шижоатли спортчиларимизнинг нуфузли халқаро мусобақаларда эришган ғалабаларини мамнуният билан таъкидлаш ўринлидир», – деди давлатимиз раҳбари.


Аввало, Ўзбекистон футболи учун 2025 йил чинакам тарихий йил бўлди. Миллий терма жамоамиз илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.

Моҳир шахматчиларимиз жаҳон кубогида муносиб иштирок этди. Айниқса, навқирон гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров жаҳон кубогининг энг ёш соҳиби бўлгани барчамизга юксак ғурур бағишлайди.

Ўтган ҳафтада 9-17 ёшли шахматчилар ўртасида рапид ва блитс йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатида юртимиз вакиллари 5 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.

Жасорат ва матонат соҳиби бўлган спортчиларимиз бу йилги ёшлар ўртасидаги Параосиё ўйинларида 125 та олтин, 77 та кумуш ва 52 бронза медалини қўлга киритиб, иштирокчи давлатлар орасида энг юқори натижани қайд этди.

 

Истеъдодли ўғил-қизларимиз таълим, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда эришаётган катта ютуқлари билан ҳам Янги Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётгани таъкидланди.


Ўқувчи ва талабаларимиз жорий йилда халқаро фан олимпиадаларида 51 та олтин, 101 та кумуш, 126 та бронза медалини қўлга киритиб, ўз билим ва салоҳиятини бутун дунёга намойиш қилди.

Маълумки, Ўзбекистон келгуси йили 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига, 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига, 2029 йилда эса Ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилади.

Шу билан бирга, 2026 йилда юртимизда илк бор мактаб ўқувчилари ўртасида нуфузли халқаро кимё ва информатика олимпиадалари, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар талабалари ўртасида муҳандислик йўналишларида, Туркий давлатлар техникум ўқувчилари ўртасида касб йўналишларида халқаро олимпиада ўтказилади.

Бундай нуфузли тадбирлар Ватанимизни ривожланган спорт ва илм-фан мамлакатига айлантириш, унинг обрў-эътиборини юксалтиришга хизмат қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//