“Парадокслар ўлкаси”, “Бизни тарк этаётган туйғу”, “Муаррихнинг чигал қисмати” – “Тафаккур” журналининг янги сонида нималарни ўқиймиз?

Сақлаш
11:25 / 26.12.2025 7 0

“Университетимизнинг “Илмий хабарнома” журналида масъул котибман. Яқинда таҳририятимизга тилшуносликка оид бирданига ўн битта мақола келса денг. Ҳаммаси рисоладагидек, лекин... ўзбек мардум ёзганга ўхшамайди. Маълум бўлишича, мақолаларнинг барчаси сунъий интеллект маҳсули экан. Кечагина магистратурани битириб, бугун университетда дарс бераётган ўша “мутахассис”лар илмий ишни ҳам шу йўл билан тайёрлашига шубҳа қилмайман. Бу ҳол эртага олий таълим кимнинг қўлига ўтар экан деган хавотирли ўйларни уйғотади.” “Дунё зўрникими?” суҳбатида олий таълимдаги муаммолар, ижтимоий фожиалар, адабиётнинг вазифаси ҳақида сўз боради. Адабиётшунослар Шаҳноза Раҳмон ва Машҳура Шералиева суҳбатининг тўлиқ матнини “Тафаккур” журналининг 2025 йил 4-сонида ўқинг.

 

“Америкалик мухбирнинг таъкидлашича, чор армияси кечув чоғида катта талафот кўрган. Аскарларнинг силласи қуриган, озиқ-овқат захираси тугаган, отларнинг ҳам ем-хашаги қолмаган. Сирасини айтганда, босқинчиларнинг мағлубияти муқаррардек эди. Бироқ тақдирнинг ҳазили, тарихнинг истеҳзосини кўрингки, хиваликлар ўз душмани оёққа туриб олишига кўмаклашади, чор аскарларига нон ва бошқа егуликлар улашади, отларига ем-хашак сотади. Ёзувчи Тоғай Мурод таъбири билан айтганда, ғанимга пой-патак бўлади. Мак-Гаҳан ҳам хиваликлар ёғийга илтифот кўрсатганидан чандон ҳайратга тушганини ёзади.” Юқорида келтирилган парча Усмон Жўраевнинг “Бизни тарк этаётган туйғу” мақоласидан олинган. Унинг тўлиқ матни билан журнал саҳифаларида танишасиз.

 

“Замонавий NBIC технологиялари эса инсон имкониятларини кенгайтирибгина қолмай, унинг табиати, моҳияти, ўзлигига (ички “мен”ига) таҳдид солмоқда. Масалан, биотехнологиялар инсоннинг ғаровли ҳужайрасидан хасталик сабаб яроқсиз ҳолга келган аъзоларининг (юрак, буйрак, жигар ва ҳ.к.) соғлом нусхасини ўстириб (тайёрлаб) бериши мумкин. Яъни, ҳеч қандай донорсиз янги аъзолар трансплантация қилинади. Беморга шифо улашмоқ, одамнинг мушкулини осон қилмоқ хайрли, албатта. Лекин бу жараёнда суперинсонни, супержангчини яратиш, ҳатто яриминсон, яриммашина – киборгларни яратиш хатари ҳам мавжуд.” Журналнинг “Янги аср муаммолари” рукнида Абдураҳим Эркаевнинг “Технология: инсон табиатига таҳдид” мақоласини ўқийсиз. Унда технофан, қоришган ҳақиқат ва уйдирмалар, технологиялар бандиси, имкониятлар ва инқирозлар ҳақида сўз боради.

 

Журналнинг кейинги саҳифаларидан “Қуёшдан бўёқдон керак” (Нодира Офоқ), “Безавол хазина” (Ҳаким Сатторий) мақолалари, “Ўзбеклар” (Абдунаби Ҳамро) ҳикояси, “Бу ерда ҳар эпкин – Мажнуннинг оҳи” (Абдунаби Бойқўзи) шеърий туркуми, “Бир умрлик қайғу” (Тилланисо) мутолааси ҳамда “Ҳошияга сиғмаган фикрлар” (Аброр Юсупов) ўрин олган. Журналнинг талқин ва тадқиқотлар рукнида “Давлатнинг тамали” (Элдор Баратов), “Мавҳумотдан маъно излаб” (Нурман Бердиев), “Бобурнома” нега Оврупада машҳур?” (Гулшан Раҳим), “Ҳиндини чериксиз забт этган зот” (Рустам Жабборов), “Такка, зовия, ҳожихона” (Гулдона Таниева) мақолалари эълон қилинган.

 

“Ахлоқнинг боқий мезонлари ҳеч бир даврда ўзгармайди. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий тизим янгиланиши билан уларнинг жамият ҳаётидаги аҳамияти гоҳ ортиб, гоҳ пасайиши мумкин, аммо моҳиятан собит қолади. Зеро, ахлоқий мезонлар инсоннинг табиий яшаш шароити, турмуш тарзи, урф-одатлари ва диний эътиқоди билан боғлиқдир.” “Технологиялар: инсон табиатига таҳдид” мақоласидан олинган ушбу парчани журналнинг мазкур сонига хулоса ўрнида келтирдик. “Тафаккур” билан ахлоқий мезон ва эътиқодингизни чиниқтириб боринг.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//