Ўзбекистоннинг 35 ёшгача бўлган тадбиркорлари рейтинги эълон қилинди

Сақлаш
12:58 / 22.12.2025 7 0

Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда «Юксалиш» ҳаракати томонидан Ўзбекистонда фаолият юритувчи 35 ёшгача бўлган муваффақиятли ёш тадбиркорлар рейтинги тузилди.

 

 

Рейтинг бир нечта босқич асосида шакллантирилган бўлиб, биринчи босқичда мамлакатда 100 нафар 35 ёшгача бўлган ёш тадбиркорлар рўйхати экспертлар ва тадбиркорлар тавсияси ҳамда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги мақолалар, бизнес рейтинглари, мукофотларни таҳлил қилиш асосида шакллантирилган. Бунда номзодларнинг медиа ва ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги, шахсий обрўси, жамоатчилик фикри ва ишбилармонлик муҳитига таъсири, маҳсулот ёки хизматнинг инновациявийлиги, тадбиркорлар фаолиятининг ҳудуд, мамлакат имижига ижобий таъсири, эришаётган ютуқлари, бизнеснинг ижтимоий масъулияти каби масалалар ҳисобга олинган.

 

Иккинчи босқичда эса «Юксалиш» ҳаракати томонидан ишлаб чиқилган мезонлар асосида экспертлик баҳолаш йўли билан 20 кишидан иборат якуний рўйхат шакллантирилган.

 

Топ-20 таликка кирган тадбиркорлар орасида мамлакатда реклама ва брендинг бозори сифат стандартларини оширган, қатор нуфузли танловларда ғолиб бўлган Sintez agency асосчиси Алина Мирзаева, 525 млрд сўм устав капиталига эга United Ventures венчур фонди раҳбари Азизбек Қурбанов, рақамли ечимлар билан қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацияларни татбиқ этаётган Agro Food Gastro АЖ раҳбари Бекзод Аҳмедов, инглиз тили таълими бозоридаги энг йирик хусусий ўйинчилардан бири — Cambridge ўқув марказлари тармоғи асосчиси Жаҳонгир Пўлатов ҳам бор.

 

Маълумот учун, 2025 йил 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар сони 284 110 тага етди. Сўнгги бир йилда ЯТТни рўйхатдан ўтказган аёллар сони қарийб 18 минг нафарга кўпайди. Ўзбекистондаги 261 та ёш тадбиркорнинг йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошди. Кичик ва ўрта бизнес субъектлари сони ҳам беш йилда 2 баробар кўпайди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//