Сиёсат
20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Токиода “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммитида иштирок этди.
Япония Бош вазири Санае Такаичи раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашдилар.
Кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасида “яшил иқтисодиёт” ва барқарор ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инсон ресурсларини ривожлантириш каби устувор соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бундан 20 йил муқаддам айнан кунчиқар юрт илк бор “Марказий Осиё плюс” мулоқотининг ташаббускори бўлганини қайд этди.
“Биз Марказий Осиё мамлакатлари мустақилликка эришганидан кейинги давр мобайнида Япония ишончли ҳамкоримиз бўлиб келаётганини, минтақа ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, инфратузилма, саноат ва энергетика базасини модернизация қилиш, фан ва таълим ҳамда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшаётганини юксак қадрлаймиз. Шу сабабли Марказий Осиё давлатлари Япониянинг минтақа ҳаётида янада кенг ва фаол иштирок этишидан манфаатдор”, деди Шавкат Мирзиёев.
Минтақа табиий ресурсларга бойлиги, жаҳондаги транспорт, савдо ва энергетика йўналишлари чорраҳасида жойлашгани, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётининг жадал суръатларда ўсаётгани ҳамда бу ерда кечаётган яқинлашиш ва интеграциянинг фаол жараёнлари Япония билан кооперация учун қулай шароит яратмоқда.
“Ишончим комил, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан янги марраларга эришамиз. Донишманд япон халқи айтганидек, агар кучлар бирлаштирилса, тоғларни ҳам ўз ўрнидан силжитиш мумкин”, деди Ўзбекистон етакчиси.
Президентимиз томонидан саммитларни давлат раҳбарлари даражасида ҳар икки йилда бир марта ўтказиш таклиф қилинди. Навбатдаги шундай учрашувлардан бирини Ўзбекистонда қабул қилишга тайёрлик билдирилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон “Марказий Осиё – Япония 2040” ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиб, ҳужжатга минтақа мамлакатларининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш ва уларни глобал иқтисодий жараёнларга чуқур интеграция қилиш бўйича аниқ дастур ва лойиҳаларни киритиш тарафдори эканлигини қайд этди.
Янги ғоя ва таклифларни ишлаб чиқиш, ҳамкорликнинг кенг кўламли кун тартибини шакллантириш учун мамлакатларимизнинг етакчи таҳлил тузилмалари иштирокида Экспертлар форумини таъсис этиш муҳимлиги таъкидланди. Форумнинг илк мажлисини келгуси йили Тошкентда ўтказиш таклиф қилинди.
Ўзбекистон етакчиси Япония молия институтларининг Марказий Осиёда савдо-иқтисодий ва инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни кенгайтиришини олқишлади.
“Ишонаман, Марказий Осиёнинг бой табиий ва кадрлар ресурсларини Япониянинг саноат ва технологик салоҳияти билан бирлаштириб, бир-биримизни тўлдириш ва кучайтириш бўйича самарага эриша оламиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу муносабат билан Марказий Осиёнинг инфратузилмаси ва саноатини ривожлантириш инвестиция жамғармасини таъсис этиш таклиф қилинди. Унинг негизида “Сифатли инфратузилма” бўйича дастур ҳамда Япония технопаркларининг Марказий Осиё тармоғи – саноат кооперацияси, маҳаллийлаштириш ва технологиялар трансфери минтақавий платформасини ишга тушириш мумкин.
Бугун рақамли трансформация иқтисодий ўсиш ва барқарорликнинг ҳал қилувчи омилига айланиб бораётганидан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари “Марказий Осиё – Япония” рақамли хаби – рақамли ечимлар, сунъий интеллект, “буюмлар интернети”, киберхавфсизлик ва инновацион иқтисодиёт соҳаларида кўп томонлама ҳамкорлик платформасини яратиш муҳимлигини қайд этди.
Тезюрар поездлар ва автомобиль йўлларини барпо этиш, транспорт йўлакларини рақамлаштириш, аеропортлар ва логистика марказларини қуриш лойиҳаларига Япония инвестициялари, технологиялари ва экспертлари кўмагини жалб этишдан манфаатдорлик билдирилди.
“Яшил” энергетика соҳасидаги ҳамкорлик доирасида когенерация технологияларини жорий этиш, йўқотишларни қисқартириш, зарарли газларни ушлаб қолиш бўйича биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди. Тошкентда Қайта тикланадиган энергетика соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича минтақавий марказни ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Давлатимиз раҳбари экология соҳасида Марказий Осиёда ҳаво сифатини яхшилаш бўйича қўшма дастурни ишга тушириш, Иқлим ўзгаришига қарши курашиш юзасидан қўшма ҳаракатлар дастурини қабул қилиш ҳамда Мулоқот доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарларининг янги шаклдаги учрашувларини ташкил этиш муҳимлигини қайд этди.
Япониянинг сейсмик хавфсизлик соҳасидаги улкан тажрибасини ҳисобга олиб, минтақада сейсмик барқарорликни баҳолаш ва ошириш бўйича қўшма дастурни ишга тушириш, Тошкент шаҳрида Япония стандартлари ва протоколлари бўйича муҳандислар, архитекторлар, қутқарув хизматларини тайёрлаш учун Минтақавий малака ошириш марказини очиш таклиф қилинди.
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистонда келгуси йили “Марказий Осиё + Япония” форматида таълим вазирларининг биринчи йиғилишини, шунингдек, минтақадаги етакчи университетлар ректорларининг илк форумини ўтказиш, ёшлар ҳамжамиятлари ўртасида узоқ муддатли алоқаларни шакллантиришга қаратилган Ёшларни ривожлантириш минтақавий тармоқ дастурини қабул қилиш бўйича режалар тақдим этилди.
Афғон халқини қўллаб-қувватлаш бўйича кўп йиллардан буён етакчи донор ва шерик мамлакатлар қаторида бўлиб келаётган Япониянинг изчил позицияси юксак баҳоланди.
Ўзбекистон Президенти сўзининг якунида кун тартибидаги барча масалалар бўйича қарорларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Саммитда бошқа етакчилар ҳам нутқ сўзладилар. Тадбир якунида Токио декларацияси қабул қилинди.
Жамият
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
77458
Жамият
56566
Жамият
55751
Жамият
50823
Жамият
//
Изоҳ йўқ