Ўзбекистонда сув захиралари 6,5 млрд метр кубга камайди

Сақлаш
17:32 / 16.12.2025 5 0

Ўзбекистонда трансчегаравий сув омборларини ҳам ҳисобга олган ҳолда, сув захиралари ўтган йилга нисбатан 6,5 миллиард метр кубга камайган. Бу ҳақда 10 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган йиғилишда сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев маълум қилди.

 

Вазирнинг таъкидлашича, 2025 йилда қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун 40 миллиард метр кубдан ортиқ сув етказиб берилган. Сувни тежаш бўйича муайян ижобий натижаларга олдиндан захира яратиш, каналларни бетонлаштириш ва сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ҳисобига эришилган. Бироқ шу билан бирга, ички сув омборларидаги захиралар ҳам 2,7 миллиард метр кубга камайган.

 

Маълум қилинишича, сўнгги беш йилда сув хўжалиги тизимини ислоҳ қилишга 60 триллион сўм бюджет маблағлари ва 622 миллион доллар хорижий инвестициялар йўналтирилган. Натижада, 2025 йилга келиб сувни тежовчи технологиялар жорий этилган майдон 2,6 миллион гектарга етган бўлиб, бу суғориладиган ерларнинг 60 фоизини ташкил этган.

 

2025 йилда ирригация инфратузилмасини яхшилаш доирасида юзлаб километр каналлар, лотоклар, қувурлар ва гидротехника иншоотлари қурилди ва реконструкция қилинди. Насос станцияларининг самарадорлигини ошириш учун агрегатлар ва электр двигателлари янгиланди, қуёш панеллари ҳамда энергия тежовчи ускуналар ўрнатилди. Бу чоралар ҳисобига жорий йилда қарийб 200 миллион kWh электр энергияси тежалган.

 

Шунингдек, 2025 йилнинг ўзида 817 минг гектардан ортиқ майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Бу орқали 2,3 миллиард метр куб сув иқтисод қилиниб, технологиялар сув ресурсларини 45–50 фоизгача тежаш имконини бериши қайд этилди. Вазир рақамлаштириш сув хўжалигида самарадорликка эришишнинг асосий омили эканини таъкидлаб, келгуси йилда 503 минг гектар майдонда янги сув тежовчи технологияларни жорий этиш режалаштирилаётганини билдирди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//