Наманганда 23 нафар бола мактабга эмас, ноқонуний диний таълим олишга юборилгани аниқланди

Сақлаш
14:24 / 16.12.2025 9 0

Наманган шаҳрида 31 ёшли эркак болаларга ноқонуний диний таълим бериб келгани аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

 

Эркак 2025 йилнинг июнь ойидан бошлаб ойига 300 доллардан ижарага олинган хонадонда ҳужра ташкил қилиб, Наманган шаҳри ва вилоятнинг турли туманларида яшовчи 23 нафар болага ноқонуний равишда диний таълим бериб келган. Ўзи ижтимоий тармоқлардаги номаълум сайтлардан мустақил равишда диний тушунчаларни ўрганган, лекин ҳеч қандай диний маълумотга эга бўлмаган.

 

 

Мазкур ҳужрада диний таълим олаётган болаларнинг 10 нафари етти ёшгача, 13 нафари етти ёшдан катта бўлиб, жорий йилда умуман мактаблардаги дарсларга қатнашмаган. Ўқитувчилари ёки мактаб маъмурияти томонидан уларни дарсларга қайтариш бўйича чора-тадбирлар белгиланмаган.

 

Хусусан, болалардан бири Давлатобод туманида яшовчи фуқаронинг ўғли бўлиб, 5-синфда ўқиши лозим бўлсада, ҳозирги вақтга қадар умуман мактабга бормаган. У билан суҳбатлашилганда мактаб ва у ердаги дарслар тўғрисида тушунчага эга эмаслигини айтган. Мактаб ёшидаги болаларнинг ота-оналари мактаб маъмурияти билан ўзаро келишган ҳолда, уларни мавжуд электрон тизимдан назоратдан чиқариб юборган. Улар фарзандларининг дарсларга бормаганини яшириш мақсадида ўқиш жойларини тез-тез ўзгартириб келган.

 

Ҳозирда ноқонуний диний таълим берган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Болаларнинг ота-оналари 47-модда (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) асосида маъмурий жавобгарликка тортилди. Хабарда қайд этилишича, мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилари қилмишлари Жиноят кодексининг 228-моддасига (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) кўра жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин ва масъулиятсизликлари учун улар қонун олдида жавоб беради.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//